Коррупцияга қарши курашга бағишланди

11.05.2021 09:05:39

Бугунги кунда мамлакатимизда тараққиёт душмани бўлган коррупцияга қарши кураш кенг миқёсда олиб борилмоқда. Бу аянчли иллат ҳар қандай жамиятни таг-томири билан емиришга қодир. Тарихдан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Наманган шаҳридаги Абу Али ибн Сино номли жамоат саломатлиги техникуми ўқувчилари билан давра суҳбати  ана шундай фикрлар билан бошланди.

Бўлажак шифокорлар учун ўтказилган мулоқотда иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари – вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова ва Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов мавзу доирасида жуда кўп ҳаётий мисоллар келтирдилар. Айниқса, яқинда Жиззахда юз берган ва республика жамоатчилиги ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат ҳақида сўз борганда, тадбир иштирокчилари ҳам ўз муносабатларини билдиришга жазм этдилар.

– Жиззахда вилоят ҳокими ўринбосари Акром Раҳмонқуловнинг ишдан олиниш тафсилотлари ҳақида матбуотда ўқигандим, - дейди биринчи босқич ўқувчиси Ҳуснида Мамажонова. -  Уни  Президент сиёсатга хиёнатда айблаганди. Ахир, ўзингиз ўйлаб қаранг, давлат ва халқ манфаатларига зиён келтириб, ўнлаб машиналар, қўша-қўша уйлар, сон-саноқсиз кўчмас мулкларга эга бўлиш пасткашликнинг ўзи. Одамнинг нафси шунчалик ҳакалак отадими? Ҳалоллик, раҳбар бурчига садоқат қаерда қолди?

Мулоқотда қатнашган Ворисбек Олимжонов бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ҳар бир кишида инсоф ва диёнатни тарбиялаш шартлиги ҳақида гапирди. Бу, умумхалқ ишига айланиши зарур. Оиладан тортиб боғча ва мактаб, ўқув муассасаси, корхона ваа ташкилотларда, маҳалладларда тарғибот ишлари кенг йўлга қўйлиши кераклиги таъкидланди.

Дилшодбек Исоқжонов эса одамлардаги лоқайдлик хусусиятини бартараф этиш лозимлигини айтди. Бучиз жамиятда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиб бўлмайди. Бу ишда депутатлар, сиёсий партиялар, Ёшлар иттифоқи фаоллари ибрат кўрсатишлари зарур. Бироқ ҳозирча улар умумий гаплардан нарига ўтмаяптилар. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ҳам бундай ҳолларга муросасиз эканликдарини амалда кўрсатишлари талаб этилади.

Коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган бундай давра суҳбатларини техникумнинг бошқа бўлимларида ҳам ўтказиш юзасидан таклиф билдирилди. Ўқув юрти маъмурияти мазкур йўналишда “адолат”чилар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилди. Энди партиямиз фаоллари тез-тез бу ерга келиб, педагоглар ва ўқувчилар билан учрашиб турадиган бўлдилар.

            Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+