Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш – давр талаби

17.07.2021 16:07:32

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан имзоланган қарор ва фармонларнинг натижаси ўлароқ бугун барча соҳаларда кенг кўламли, изчил ислоҳотларнинг амалиётига гувоҳ бўляпмиз.  

Ватанимиз ривожи ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ушбу чора-тадбирлар ўз ўрнида халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятдаги нуфузининг тобора ошишини таъминламоқда.

Албатта, эришилаётган ютуқлар сарҳисоби, бугунги ислоҳотларнинг эртанги меваси кишида қониқиш ҳисини пайдо қилади. Аммо кўзланаётган марраларга эришиш йўлида жиддий ғов бўлувчи коррупция аталмиш иллатнинг мавжудлиги ҳар биримизни сергакликка чорлайди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган даврдан бошлаб жамият ва давлат ривожига тўсиқ бўлувчи коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қатор фармон, қарор ва қонунлар яратилиб, улар асосида изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Сўнгги йилларда эса ҳукуматимиз томонидан жамиятимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз муносабатда бўлиш ҳисини пайдо қилиш ва бу каби ҳолатларни ўз вақтида илдизи билан қуритишга қаратилган кўплаб амалий ишлар қилинди.

Ўтган давр мобайнида чора-тадбирлар асоси сифатида қонунчилигимизда ҳам коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатлар яратилди. Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қатор қонунларни мисол келтириш мумкин.

Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг куни кеча имзолаган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилади.

Мазкур Фармонда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри юритилиши белгиланиб, унга киритилган шахсларга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилмоқда. 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилмоқда. Манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланадиган ҳолатлар белгиланиб, уларга йўл қўйганлик учун жавобгарлик киритиш назарда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган мазкур фармон ва айни йўналишдаги қарорлар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Коррупцияни илдизи билан йўқотамиз!” чақириғи билан ҳамоҳанглик касб этиши билан бир қаторда партиянинг айни масаладаги ёндашуви бугунги даврнинг муҳим талаби эканлигидан далолатдир.

 

Гулнисо САИДОВА,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+