Коррупциясиз жамиятда адолат ва ривожланиш бўлади

26.12.2023 11:12:07


Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтиради. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади.
Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозим. Унинг олдини олиш ва барҳам беришда фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Шунинг учун бу иллатга қарши бутун жамият, барча бирдек курашмоғи зарур. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.
Шу боис, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди, ушбу соҳада қонунчилик асослари такомиллаштирилишига эришилди. Мамлакатимиз ушбу ўткир муаммонинг оқибатларини чуқур англаган ҳолда нуфузли халқаро тузилмалар билан коррупцияни бартараф этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, ушбу иллатга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар тизимли амалга оширилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ва соҳада махсус ваколатли органнинг ташкил этилиши бу борада ташланган муҳим қадам бўлди. Қолаверса, Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган бир қатор механизмлар амалиётга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, халқаро рейтинг ва индексларда ўз мавқейини сезиларли даражада яхшилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилаётир.
Жорий йилнинг 19 декабрь куни Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ташаббуси билан таъсис этилган Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросими айнан юртимизда ўтказилгани Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш борасида олиб бораётган ишларнинг яққол натижаси десак муболаға бўлмайди. Ушбу халқаро мукофот ҳар йили Халқаро коррупцияга қарши кураш кунида коррупцияга қарши глобал миқёсда ҳисса қўшганларни эътироф этиш ва қадрлаш мақсадида топширилади. Мукофотнинг асосий мақсади нафақат глобал миқёсда коррупцияга қарши курашиш соҳасида намунали ва эътиборга молик ҳаракатлар, илғор амалиётларни намойиш ва эътироф этиш, балки бутун дунё бўйлаб коррупцияга қарши кураш моделларини ўрганиш, тажриба алмашиш, тарғиб қилиш ва хабардорликни оширишдан иборат.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу нуфузли тадбирда иштирок этгани ҳамда қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сургани дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди ва қўллаб-қувватланди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифамиздир. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишдан манфаатдормиз”, деган сўзлари муҳим чақириқлардан бири бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этилиши давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилишини қайд этди.
Умуман олганда, ушбу нуфузли тадбирнинг мамлакатимизда ўтказилиши Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш бўйича ўзининг халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини ва бу борадаги ҳар қандай халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини яна бир бор исботлади. Бу эса мамлакатимизда бу иллатга қарши курашишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ва натижа кўрсатаётганлигидан далолат беради.

Жасур ҚАРШИЕВ,
“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши
раиси ўринбосари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+