Коррупциявий ҳаракатлар учун муқаррар ва қаттиқ жазо чораларини қўллаш зарур

10.07.2021 16:07:19

Коррупция – жамият тараққиётига ғов, у жамиятни ич-ичидан емирадиган хавфли “касаллик”. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтилганидек “Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.

Бу борада мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланган. Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини йўлга қўйиш, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилгани барчамизга яхши маълум. Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз хотиржамликка берилсак,  эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик натижа бермаслиги аниқ.

Куни кеча “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори муҳокамасига бағишланган онлайн конференцияда шу мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Дарҳақиқат, коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотларигина эмас, балки бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларга фуқароларимиз томонидан ҳам фаоллик кўрсатилиб, бутун жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” – деб таъкидладилар.

Айни шу мақсадлардан партия ташкилотларимиз ва депутатларнинг энг асосий вазифаси коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлашдан иборат бўлади.

Жумладан, Самарқанд вилоятида ҳам доимий комиссия ва депутатлик гуруҳи томонидан аҳоли ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Ижтимоий сўровда фуқаролар томонидан жамиятда коррупциянинг тарқалганлик даражасига берилган баҳо, қайси соҳаларда коррупция кўпроқ тарқалгани, фуқароларнинг коррупциянинг сабаблари ва омиллари тўғрисидаги фикри, фуқаролар коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги қарашлари ҳақида маълумотлар берилди.
Сўровлар натижаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, фуқароларимиз давлат, унинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ҳамда бошқарув ва назорат идоралари фақат жамият ва унинг фуқаровий тузилмалари билан яқин ҳамкорликда ҳамда уларнинг бевосита ва фаол ёрдамидагина коррупцияга қарши самарали курашиши мумкинлигини янада кўпроқ англамоқдалар. Барча ёшдаги сўров иштирокчилари асосан коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқарога дахлдор умумхалқ иши эканлигини таъкидлаб, бу борада бутун жамиятнинг иштироки зарурлиги ҳақидаги фикрга эътибор қаратганлар.

Фуқароларнинг фикрича, бу кейинги йилларда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланиш амалиётининг соддалаштирилиши ва жадаллаштирилиши, маъмурий тўсиқларнинг бартараф этилиши, давлат қарорларини қабул қилишнинг очиқлиги, мансабдор шахслар жавобгарлигининг кучайтирилиши, шунингдек, коррупционерларни фош қилиш жараёнининг янада ошкора тус олаётгани ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилаётганлигидан далолат берсада, аммо  ҳамма ҳам бирдай ушбу иллатга қарши иш олиб бормаяпти. Айни вақтда сўровнинг қатор иштирокчилари оммавий ахборот воситаларида коррупция ҳақида берилаётган ахборотнинг ёритилишини ҳали тўла ошкора ва шаффоф эмас деб ҳисоблашади. Респондентларнинг ҳисоблашича,  ОАВ ҳали коррупционерларни фош қилишнинг аниқ ҳолатларини етарлича тезкор, шаффоф ва очиқ ёритмаяпти, шунингдек, коррупция пайдо бўлишининг чуқур илдизлари, унинг манбалари, унга қарши кураш миқёслари ва истиқболлари ҳақида таҳлилий материаллар бермаяпти. Шу билан бир қаторда респондентларнинг фикрича, коррупциявий ҳаракатлар учун муқаррар ва қаттиқ жазо қўллаш шароитидагина коррупцияга қарши курашиш жараёни самарали бўлиши мумкин.

Хўш, биз коррупцияга қарши курашда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур? Жамиятда   коррупцияга қарши муросасизликни шакллантириш, фуқароларни, айниқса, ёшларни ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш бўйича ишларни тизимли давом эттиришда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, маҳалаларда фуқаролар ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга қаратилган  аниқ чора-тадбирлар белгилаш, унда ҳуқуқ-тарғибот органларининг иштирокини таъминлаш, тиббиёт ва таълим муассасаларида “бепул ҳуқуқий маслаҳат” курсларини ташкил қилиш, ушбу муассасаларда ҳуқуқий саводхонлик бурчакларини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш, унинг келиб чиқиши ва сабаблари мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган тарқатма тарғибот материалларини тайёрлаш, бир сўз билан айтганда жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Ана шундагина  адолатли фуқаролик жамияти тўлақонли шаклланади. Унутмайликки, адолат устувор бўлган юртда тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+