Космик тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

24.11.2022 14:11:05

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Космик мониторинг ишларини амалга ошириш ва давлат бошқаруви органларини космик суратлар билан таъминлаш, шунингдек, космик технологияларни қўллаш орқали ижтимоий-иқтисодий, илм-фан, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида космик фаолият натижаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (кейинги ўринда – “Ўзбеккосмос” агентлиги) Ўзбекистоннинг космик фаолиятини тартибга солиш, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни белгилаш ҳамда космик мониторинг, шу жумладан, давлат космик мониторингини амалга ошириш бўйича махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

2. Давлат космик мониторингини амалга ошириш доирасида “Ўзбеккосмос” агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

космик суратларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали иқтисодиёт соҳаларида қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш;

давлат космик мониторингини амалга ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

тегишли вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган мониторинг жараёнларида космик технологияларни қўллаш бўйича таклифларни тайёрлаш;

соҳаларда вазирлик ва идоралар томонидан космик технологияларни қўллаш даражасини мониторинг қилиш ва уларнинг жорий этилишини жадаллаштириш.

3. Қуйидагилар:

2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг космик тармоғини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат космик мониторингини амалга ошириш дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Ўзбеккосмос” агентлиги 2024 йил 1 декабрга қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар, мазкур қарорда белгиланган вазифалар бўйича эришилган натижалар ва мақсадли кўрсаткичлар, шунингдек, тегишли давр учун космик технологиялар тараққиётининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб 2025-2026 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Молия вазирлиги 2-иловадаги чора-тадбирларни 2023-2024 йилларда амалга ошириш учун зарур бўладиган маблағлар Давлат бюджетидан “Ўзбеккосмос” агентлигига ажратилишини таъминласин.

4. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-357-сон қарори доирасида:

вазирлик, идора ва ташкилотлар “Ўзбеккосмос” агентлигининг сўровномасига асосан зарур маълумотларни ўз вақтида ва сифатли тақдим этади;

тегишли соҳаларда масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари тасдиқланган йўналишлар доирасида амалга оширилаётган барча тадбирларнинг сифатли бажарилиши юзасидан шахсан масъул ҳисобланади.

5. “Ўзбеккосмос” агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда давлат космик мониторингини амалга ошириш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, бунда:

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан давлат космик мониторинги ўтказиладиган соҳаларга оид давлат кадастрлари маълумотлари (вектор ва атрибутив параметрларига ўзгартиришларсиз) асл ҳолида ўрнатилган тартибда “Ўзбеккосмос” агентлигига мунтазам равишда тақдим этиб борилишини;

давлат космик мониторинг тизими орқали ер ости бойликларини қазиб олиш, сув ресурсларини муҳофаза этиш, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва реализация қилиш йўналишларида (давлат ер ва кадастр назорати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно) аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун ундириладиган маъмурий жарималарнинг 10 фоизини Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг Космик тармоқни ривожлантириш жамғармасига йўналтиришни назарда тутсин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳар йили 20 июлга қадар келгуси йил учун космик хизматларга бўлган йиллик эҳтиёж ҳажми, даврийлиги ва уларни етказиб бериш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни “Ўзбеккосмос” агентлигига тақдим этади;

вазирлик ва идораларнинг талабига кўра “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан амалга ошириладиган келгуси йил учун космик хизматлар ҳажми ва турлари ҳар йили 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

космик хизматлар харажатларининг бир қисми “Ўзбеккосмос” агентлиги харажатлар сметасида ажратилган бюджет маблағлари, қолган қисми Молия вазирлиги маблағлари таркибида назарда тутилади ҳамда ушбу маблағ кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари асосида қайта тақсимланади.

7. “Ўзбеккосмос” агентлигига:

космик технологияларни жорий этиш тизимини молиялаштириш учун харажатлар бўйича таклифларни шакллантириш ҳамда заруратга кўра хорижий қарз, грантлар ва бошқа маблағларни жалб этиш;

Космик тармоқни ривожлантириш жамғармасининг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳамда уларни тақсимлаш ҳуқуқи берилсин.

8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Кадастр агентлиги ва “Ўзбеккосмос” агентлиги билан биргаликда 2023 йил 1 февралга қадар давлат космик мониторинги ўтказиладиган соҳаларга оид давлат кадастрлари маълумотларини “Электрон ҳукумат”нинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали тақдим этиш бўйича ўзаро интеграция қилишни таъминласин.

9. “Ўзбеккосмос” агентлиги космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тижорий космик фаолиятни ривожлантириш мақсадида:

Глобал сунъий йўлдошли навигация (GNSS) тизимлари операторлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

Халқаро астронавтика федерациясига (IAF) аъзо бўлиш;

халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар, компаниялар ва банклар билан космик соҳага хорижий сармоя ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;

фавқулодда вазиятлар юзага келганда сунъий йўлдош аппаратлари орқали ерни масофадан зондлаш маълумотларини тезкор қабул қилиш мақсадида хорижий сунъий йўлдош операторлари билан келишув, меморандум, битим ва шартномалар тузиш чораларини кўрсин.

10. Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси билан биргаликда 2023 йил якунига қадар қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, телекоммуникация, геология-қидирув, картография, гидрометеорология, сейсмология ва шаҳарсозлик соҳаларининг самарадорлигини оширишда ерни масофадан туриб зондлаш, йўлдош алоқа, навигация тизимларини қўллаш масалаларининг илмий ва инновацион ечимига қаратилган амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантирсин.

Бунда, илмий тадқиқот натижаларини ишлаб чиқариш фаолиятига самарали жорий этиш мақсадида танлов эълон қилиш учун тақдим этиладиган лойиҳа мавзулари ва улардан кутилаётган натижалар “Ўзбеккосмос” агентлиги билан келишилади.

11. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарордан кўзланган мақсад ва вазифалар, шунингдек, Дастур ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнини ёритиш бўйича мақола ва мавзули теледастурларни ташкил этсин.

12. “Ўзбеккосмос” агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб “Ўзбеккосмос” агентлиги бош директори вазифасини бажарувчиси Ш.М.Кадиров белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 23 ноябрь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+