Кўтаринки руҳда

30.06.2022 11:06:13

Бугун – Ёшлар куни. Мазкур сана мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманганда ҳам кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида, аҳоли истиқомат жойларида байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Уларда минглаб навқирон авлод вакиллари иштирок этмоқдалар.

Ёшлар кунига бағишланган тадбирларда партиядошларимиз ҳам фаол қатнашмоқдалар, - дейди “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти аъзоси Акбаржон Мансуров. – Шу ўринда сафдошларимизнинг ярмига яқинини ўттиз ёшгача бўлганлар ташкил этишни ҳам таъкидлаш лозим. Тенгдошларимиз Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасида ҳам фаол қатнашмоқдалар. Улар Асосий қонунимизда барча қатори навқирон авлод учун ҳам муносиб шарт-шароитлар яратилаётганлигини қўллаб-қувватламоқдалар.

наманг3

Масалан, Косонсойда байрамга бағишлаб фестиваль ташкил этилди. Туман марказидаги хиёбонда ўн мингга яқин йигит-қизлар тўпландилар. Санъаткорларнинг чиқишлари ҳамманинг кайфиятини кўтарди. Тадбир иштирокчилари туманда ҳозиргача беш мингдан зиёд ёшларга ҳаётда ўз ўринларини эгаллаш учун амалий ёрдам кўрсатилганлигини қайд этдилар. Хусусан, 500га яқин талабанинг контракт маблағларини тўлашда ёрдам қилинди. 400 нафар ёшларга ўзларини банд этиши учун меҳнат қуроллари етказиб берилди. Қарийб уч минг кишига деҳқончилик учун экин майдони ажратилди. Фестивалда туман ёшларига 500 миллион сўмлик спорт анжомлари совға қилинди. Бу, уларнинг бўш вақтларини  намунали ўтказишга кўмаклашади.

наманган2_5

Наманган муҳандислик-технология институтида ҳам ушбу сана аниқ режалар асосида нишонланди. Маҳорат дарслари, спорт мусобақалари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Уларда талабалар фаол иштирок этдилар. Байрам арафасида эса ўқишда ва жамоатчилик ишларида намуна кўрсатган 134 нафар талабага 517 минг сўмдан мукофот тақдим этилди.

Янги Наманган туманида ҳам Ёшлар куни муносабати билан форум ўтказилди. Унда тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими қарамоғидаги ногиронлиги бор шахслар ҳам иштирок этдилар. Қатнашчилар мамлакатимизда навқирон авлод вакилларининг ҳар томонлама комил инсон бўлиб камол топишлари учун муносиб шароитлар яратилаётганлигидан мамнунликларини изҳор этдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+