Кўзбўямачига кўрилган чора бошқаларга ибрат бўлсин

19.10.2021 12:10:17

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда кўпчиликни ҳайратга солган воқеа ортида қанчалар сохта ишлар яширилгани маълум-у машҳур бўлди. Қабиҳ ишлар узоққа чўзилмаслигини, ҳар қандай жиноий иш бир куни албатта, ўз жазосини топажагини шундай мисоллардан ҳам англаш мумкин.

         Воқеага кўра, бир ҳайдовчи ўз автомобилига 3 ҳил сохта рақам тақиб, 60 дан ортиқ қоидабузарликларни содир этган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ушбу рақамлар текширилганда давлат рўйхатидан ўтмаганлиги маълум бўлган. Аниқланишича, хайдовчи 01007SSS сохта рақамни “Lasetti” русумли автомашинасига ўрнатиб, пойтахт кўчаларида бир неча маротаба ҳаракатланган.

         Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар жараёнида ушбу қоидабузар Чилонзор туманида ушланган.

         Ушбу воқеа ижтимоий дахлдорлиги боис, Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутатлари Мирзохид Абдуқодиров ҳамда Зафар Илҳомов томонидан ҳам ўрганилди. Ўрганишлар вақтида ушбу қоидабузарликда давлат рақамини сохталаштириш мавжудлиги сабаб жиноий иш қўзғатилганлиги маълум бўлди. Ҳозирда қоидабузарга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

         Умид қиламизки, энди бу каби қўштирноқ ичидаги уддабуронларнинг қилмишига яраша муносиб жазо олиши бошқаларга ибрат бўлади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” социал-демократик партияси

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+