Кун мавзуси: Сайлов ва ОАВлар олдида турган вазифалар

31.08.2021 23:08:00

Президент сайлови жараёнларини қандай ёритиш керак?  Бугун бу савол ҳар бир ОАВ ходими олдида тургани сир эмас. Негаки Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, аҳолини сайлов жараёнларидан хабардор қилиб бориш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш олдимиздаги  долзарб вазифаси. Бу сайловни шаффоф, адолатли, амалдаги  қонунлар асосида ўтишини таъминлайди.

Сайлов олдидан жамоатчиликка етказилиши зарур бўлган асосий масалалардан бири Сайлов Кодексидаги ўзгаришлар. Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлис палаталарига қилган Мурожаатномасида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган яхлит ҳужжат қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Шундан келиб чиқиб миллий қонунчилигимиздаги сайловга оид бешта ҳуқуқий ҳужжатни ўзида бирлаштирган сайлов кодекси ишлаб чиқилди.

2019 йил 26 июндан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг сайлов кодекси мамлакатимиз сиёсий тарихида катта аҳамиятга эга бўлиб, Президентлик, парламент ва маҳаллий вакиллик органлари сайловларини ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солувчи қонунларни ўзида бирлаштирган асосий хужжат ҳисобланади.

Яна бир муҳим янгилик – “Бир сайловчи – битта овозга эга” тамойилини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилмоқда. Эндиликда, электрон рўйхатдан ўтган сайловчилар республикамизнинг исталган ҳудудидан туриб ўзига қулай бўлган сайлов участкаси орқали сайлов куни овоз бериш ваколатидан фойдалана олади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг шаффоф, адолатли, белгиланган қонун ва тартиблар доирасида ўтишида оммавий ахборот воситаларининг роли  катта. Шу сабаб сайловнинг ҳар бир жараёнини тезкор, холис ёритиб боришга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёритиш жараёнида қонунчиликда белгиланган тартибларга қатъий амал қилиш муҳимдир.

Сайловнинг ҳар бир жараёни эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим. Округ, участка сайлов комиссиялари фаолияти, Президентликка номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари билан ўтказиладиган учрашувлар, сайловга таёргарлик жараёнларидан жамоатчиликни тўла ҳабардор қилиб бориш зарур. Бу пандемияни олдини олиш мақсадида  ҳамон давом этаётган чекловлар вақтида янада долзарб аҳамиятга эга.

Сиёсий партияларнинг тарғибот тадбирларини ёритишда уларга тенг имкониятлар яратиш, аҳолининг сайлов қонунчилиги борасидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, умуман, Президент сайлови билан боғлиқ жараёнларни ёртишда барча турдаги ОАВнинг   фаол иш олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Босма нашрлар фаолияти оқсаб турган бир вақтда ТВ. радио ва электрон ОАВнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим. Қандай бўлмасин жамоатчиликни сиёсий жараёндан ҳабардорлигини таъминлаш зарур. 

Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири – фуқароларга сайлов тўғрисида тўла, ишончли ва тезкор ахборотни етказиш, аҳолида сайлов оддий, шу билан бирга, муҳим фуқаролик бурчи эканлиги ҳақидаги фикрни шакллантириш, бефарқлик кайфиятидаги фуқароларни сайлов ҳуқуқини фаол амалга оширишга чорлаш, сайлов жараёнида иштирок этишдан ҳар бир фуқаро ҳамда жамият манфаатдор эканлигини сингдириш. Қолаверса ҳар бир фуқаро қалбида мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини уйғотишдан иборат.

Бундай кенг кўламли ишлар, албатта, сайловни конституциявий қоидалар ҳамда халқаро сайлов андозалари асосида   ўтказишга эришишимизга хизмат қилади.

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

 вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+