Кун қаҳрамонлари тақдирланди

14.06.2022 15:06:19

Инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади. Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади. Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади. Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади. 

2002 йил 30 августдаги «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини тиббий эҳтиёжлари учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Шахсни қон ва унинг таркибий қисмларини топширишга бирор тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Шундай фидокорликни амалга ошираётган, ўз ихтиёри билан донорлик қилиш орқали ўзгаларга кўмак бераётган кўплаб юртдошларимизни қаҳрамон десак, асло янглиш бўлмайди.  

14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан Фағона вилоят қон қуйиш марказида  Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда бўлиб ўтган тадбирда йиллар давомида ўз саломатлигини асраб, донорлик қилиш орқали ўзгаларга кўмак бериб келаётган қаҳрамонлар эътироф этилди. Мазкур сана жорий йилда ўзгача шукуҳ билан “Қон топшириш ҳамжиҳатликдир. Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг” шиори остида ўтказилди.

Шунингдек, қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда донорлик тадбирларида фаол иштирок этиб келган ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кўплаб ташкилотларга вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Улар қаторида партия вилоят Кенгаши ҳам муносиб ўрин олди. “Ташаккурнома”ни тантанали равишда қабул қилиб олган  партия вилоят Кенгаши раиси в.б Адҳамжон Умаров 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан донорлик  акциясини ўтказиш анъанага айлангани,  унда иштирок этиб келаётган партия ходимлари, депутатлар ва партия аъзолари сафи кенгайиб бораётганлигини таъкидлаб, барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўз навбатида партия томонидан ҳам мазкур савобли юмушда қатнашиб келаётган  бир гуруҳ  донорларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Шу куннинг ўзида ҳам тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги савобли ишга қўл уриб, донорга айландилар.

Тадбир давомида ёш истеъдод эгалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.  Жажжи қизалоқларнинг рақслари олқишларга сазовор бўлди.

 

“Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+