Кутубхона - зиё маскани

12.10.2020 19:10:05

  Халқ депутатлари  Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори, элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Исмоил жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида Оқолтин тумани “Янги Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудига ташриф буюрди.

Вилоят Кенгаши депутати Муҳаммад Исмоил “Янги Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Салимов ҳамроҳлигида жами 1600 хонадон истиқомат қилиши режалаштирилган 40 та беш қаватли замонавий услубда қурилган биноларни кўздан кечирди. Қурувчилар билан дилдан суҳбатлашди. Биноларнинг коммуникация тизими, аҳолининг турмуш тарзи учун яратилган барча қулайликлар билан танишди. Шунингдек, болалар майдончаси, спорт мажмуаси, новвойхона, маҳалла гузари ва кутубхона фаолияти билан танишди. Айниқса, шинам ва кўркам маҳалла кутубхонасидаги мумтоз, жаҳон адабиёти дурдоналари, ҳамда ўзбек адабиёти забардаст вакилларининг асарлари ҳақида ўз фикрларини билдириб, қуйидагиларни баён этди:

Маълумки, халқнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ҳаётини фаровонлаштириш фақат моддий жиҳатдан эмас, балки маънавий жиҳатдан ҳам юксак бўлиши муҳимдир. Кутубхона - зиё маскани ҳисобланади. Ота-боболаримиз шам ёруғида китоб ўқиб, илм ўрганиб, фозилу-фузало, олим бўлиб, дунёни ҳайратга солгани сир эмас. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқиндагина мана шундай буюк алломаларимиздан Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновларни “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлашлари ҳам аждодларимизнинг миллат равнақи учун қилган жонбозликлари ҳеч қачон унутилмаслигининг исботидир. Китобхонлик маданиятини ёшларимизга, қолаверса, ота-оналарга сингдиришимиз керак. Қачонки, ота-оналар китоб ўқишни одат тусига айлантирса, илмга, маърифатга интилса, шундагина фарзандларимиз – ёшларимиз бизлардан ўрнак олади, китоб ўқийди, илм олишга интилади, - дея кутубхона мудири Хуршида Маҳкамовага оилавий китобхонликни йўлга қўйиш, ота-оналар фарзандлари билан келиб ўзларига ёққан бадиий китобларни олишларида уларга тўғри маслаҳат ва кўмак бериш лозимлигини уқтирди.

Элимизнинг севимли шоири Муҳаммад Исмоил ўзининг қаламига мансуб бир қанча китобларини ва сирдарёлик беназир шоирлар – Тўра Сулаймон ҳамда Ҳалима Худойбердиеваларнинг шеърий тўпламларини “Янги Ўзбекистон” маҳалласи кутубхонасига совға қилди.

 

Моҳидил ЗИЯЕВА,

Ҳалима Худойбердиева номидаги

Ижод мактаби ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+