Куз -қиш мавсумида мактаблардаги иситиш ҳолати ўрганилди

21.11.2022 17:11:47

Куз-қиш мавсуми келгани ва ўқув йилининг 2-чораги бошланиши муносабати билан Сардоба тумани ХТБга қарашли умумий ўрта таълим мактабларнинг ёмғирли ва совуқ кунларга тайёргарлиги ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш давомида Сардоба тумани ХТБ қарашли 6-,9-,11-,21- мактабларида бир қанча муаммолар борлиги аниқланди.

Хусусан: Сардоба туманидаги 6-мактабнинг ҳолати "Адолат" СДП Сирдарё вилояти Кенгаш раиси ўринбосари С.Усмонов, Сардоба тумани "Адолат" СДП Кенгаш раиси Б.Бекмуродов ва мактаб маъмурияти билан биргаликда ўрганиб чиқилганда, 5 та қозонхоналари эскилиги сабабли, унга замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш ва мактаб биносининг том қисмларини алмаштириш, таъмирлаш лозимлиги аниқланди. Мактаб газ билан таъминланган. Кириш-чиқиш эшикларининг зич ёпилиши тўлиқ таъминланган, барча кириш эшикларига замонавий "Акфа" эшиклари ўрнатилган.

Сардоба тумани 11-мактабнинг ҳолати: 3 та қозонхоналари эскилиги сабабли, унга замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш, дераза ойналарини алмаштириш, мактаб биносининг том қисмларини алмаштириш, таъмирлаш кераклиги кўриб чиқилди. Юқори қаватдаги хона томларидан сув ўтиш ҳолатлари аниқланди.

Сардоба тумани 21-мактаб биносида мактабнинг ҳовлиларини таъмирлаш учун цемент ва тош кераклиги маълум бўлди. Ўрганилган мактабларнинг газ учун счётчиклари тўлиқ ўрнатилган ва қиёсловдан ўтказилган. Дудбуронлар эса ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилган.

Мониторинг натижалари ишчи гуруҳнинг маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида муҳокама қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли чоралар кўрилди. Шунингдек, жараёнда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан таълим мутасаддиларига тушунча ва тавсиялар берилди.

"Адолат" СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+