Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай олиб борилмоқда

17.11.2022 12:11:08

Мамлакатимиз бўйлаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида коммунал соҳага дахлдор хизматларнинг иш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўрилган.

Ноябрь ойи тез фурсатларда қишнинг эшик қоқишидан дарак. Табиийки, мазкур ойда асосий вазифа қиш фаслига тайёргарлик кўришдан иборат бўлади. Хўш, бугунги кунда Оҳангарон шаҳрининг таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қандай кечмоқда? Умумий ўрта таълим мактаблари мутасаддилари бу масалага қай кўз билан қарашмоқда? Бу саволларга жавоб излаш учун Ўзбекистон «Адолат» СДП Оҳангарон шаҳар Кенгаши раиси Муҳаммад Шукуров шаҳардаги 1-, 4-, 6- ва 8- умумий ўрта таълим мактабларида қишки тайёргарлик  ишлари билан яқиндан танишди.

 Жараён давомида ушбу таълим даргоҳларининг мавсумга тайёргарлиги, қозонхоналарнинг шайлиги, синфхона ва кабинетларнинг иситиш тизими, яъни батареяларнинг яроқлилик аҳволи кўздан кечирилди.

Айтиш лозимки, ушбу ҳудудда мактаблар иситиш тизими асосан табиий газ билан амалга оширилади. Шунингдек, таълим муассасалари қаторида ҳудудда жойлашган бошқа ижтимоий соҳа объектлари ҳам назардан четда қолмади. Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз-ки, аксарият муассасаларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари талаб даражасида ташкил этилган.

Бироқ, шоли курмаксиз бўлмаганидек, баъзи бир таълим масканларининг мутасаддилари бу масалага панжа ортидан қарашмоқда.

Шунингдек, шаҳардаги 1- умумий ўрта таълим мактабида мавжуд қозонхоналарнинг ҳали мавсумга тайёр эмаслиги, мутасаддилар томонидан қозонхонани текшириб кўрилмаганлиги, унинг муҳофаза ишлари талаб даражасида эмаслиги, иситиш мосламалари - баъзи-бир батареяларнинг хизмат муддати ўтганлиги каби камчиликлар аниқланди ва ушбу камчиликларни тез муддатда бартараф этиш юзасидан мактаб маъмуриятига тавсиялар берилди.

Дарҳақиқат, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш куннинг асосий вазифаси ҳисобланади. Мавсумга тайёргарликдаги масъулиятсизлик фарзандларимиз тақдирига бефарқ эканлигимиздан далолатдир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши

Матбуот хизмати.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+