Лойиҳа доирасида ҳашар ташкил этилди

20.03.2024 16:03:06

Наврўз байрами арафасида ўтказилаётган ҳашарларда маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойлари, ташкилотлар, таълим муассасаларида ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ҳудудларда партия фаоллари ташкилотчилигида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Партиянинг Қизириқ туман Кенгаши фаоллари томонидан Наврўз байрами арафасида тумандаги “Зартепа” МФЙда жойлашган 44-умумий ўрта таълим мактабида “Тозалик йўлида бирлашайлик” шиори остида ҳашар ташкил этилди. Ҳашар давомида мактаб ҳовлисидаги дарахтлар ости юмшатилиб, оқланди. Мактаб атрофига мевали ва манзарали дарахтлар экилди.


Маҳалла аҳолиси, ёшлар партия фаолларининг эзгу саъй-ҳаракатларига хайрихоҳлик билдириб, тадбирда фаол иштирок этишди. Ҳашар давомида маҳаллаларда кенг кўламдаги тозалик ва озодалик юмушлари бажарилди. Бинолар, уйлар атрофи супуриб-сидирилиб, янада кўркам ҳолатга келтирилди.
Ҳашар, айниқса, таълим муассасасига туташ ҳудудларда, маҳалла бўйлаб ўтган асосий кўчада уюшқоқлик билан ўтди. Йўл атрофлари тозаланиб, дарахтларга шакл берилди, хазонлардан тозаланди. Тўпланган чиқиндилар тадбирга жалб этилган шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг “Махсустранс” бўлими транспорт воситаларида туман ташқарисидаги алоҳида белгиланган махсус жойга ташиб чиқарилди.
— “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосида ўтказилаётган ҳашарларда кўпчилик бевосита иштирок этишмоқда, — деди мазкур маҳалла раиси Фахриддин Салаев. — Биз воҳаликлар учун аслида ободонлаштириш ва яратувчилик доимий ишга айланган. Гўзалликни севувчи юртдошларимиз лойиҳани ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашмоқда, натижада энг чекка ҳудудлар ҳам обод бўлмоқда. Бу ҳаракатлар, албатта, аҳоли саломатлигининг мустаҳкамланиши ва юртимизнинг янада чирой очишига хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида ёшлар иштирокида ташкил этилган суҳбатлар уларни Ватан ободлигига муносиб ҳисса қўшишга ундаяпти. Бу каби тадбирлар, айниқса, ёшларнинг она табиатни асраб-авайлаш ва табиатга эхтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини янада мустаҳкамлаши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тадбир ташкилотчиларидан бири, халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгаши депутати Янгибой Бўроновнинг таъкидлашича, партиямизнинг мазкур лойиҳасини амалга ошириш орқали фуқароларнинг атроф-муҳит, табиат мусаффолигига масъулиятини янада кучайтириш, уларда она табиатни асраб-авайлаш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш, тоза-озода сақлаш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий маданиятини янада юксалтириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида вилоятда ташкил этилаётган тадбирлар уюшқоқлик билан ўтаётганлиги, мазкур ташаббус воҳанинг барча ҳудудларида ижобий натижа бераётганини англатмоқда.

Дилафрўз Раҳматова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
мафкуравий ишлар бўйича мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+