Маданият ва санъат соҳасига эътибор

10.06.2021 10:06:08

Бугун юртимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар даври кечмоқда. Жумладан, ислоҳотлар жараёнида халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш баробарида, бой миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизни ўрганиш, илмий-амалий тадқиқ этиш, моддий ва номоддий маданий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодга бус-бутун етказиш ва албатта дунё халқлари орасида кенг тарғиб қилиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 218-бандида маданият соҳасини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш масаласи белгиланган эди.

Ушбу банд ижросини таъминлаш мақсадида эса тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда Маданият вазирлиги ташкилий тузилмаси ва ҳудудий тузилмалари вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиш, маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш, бундай тадбирларга санъаткорларни шартнома асосида жалб қилиш каби чора-тадбирлар акс эттирилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 26 майда имзоланган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор Давлат дастурининг 218-банди ижросини таъминлашга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар маданият ва санъат соҳасининг барча йўналишларини тўлиқ қамраб олган бўлиб, мазкур муҳим ҳужжатлар барча маданият соҳаси ходимлари ва ижод аҳли томонидан жуда катта таассуротлар билан қарши олинган эди.

Давлатими зраҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди...” деган сўзларининг маъносини чуқур англаган ҳолда, маданий муассасаларга аҳолини, айниқса ёшларимизни кенг жалб қилиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.

Қолаверса, Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 7 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ҳам бу соҳага берилаётган катта эътибордан далолатдир. Қонунга кўра 15 апрель Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди.

Ишончимиз комилки, мазкур ислоҳотлар миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Умида БЎРОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фориш туман Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+