«Made in Uzbekistan» халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини бошлади

16.03.2022 09:03:42

Айни вақтда Гулистон шаҳридаги «Тадбиркорлар ва ҳунармандлар маркази»да «Made in Uzbekistan» миллий маҳсулотлар халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Ислом Жасимов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов, Сирдарё вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Кўргазма Республикамизнинг саноат салоҳиятини акс эттиради. Унинг мақсади ва вазифалари — маҳаллий корхоналарнинг экспортга йўналтирилган маҳсулотларини намойиш этиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан барқарор, узоқ ва ишончли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Кўргазма экспозициялари тоғ-кон саноати, нефть-газ сектори, кимё ва фармацевтика тармоғи, қурилиш индустрияси, чарм-пойабзал, аграр сектор ва озиқ-овқат саноати, шунингдек, банк-молия хизматлари, илмий ишланмалар ва Ўзбекистоннинг халқ амалий санъати ҳамда сайёҳлик салоҳиятини намойиш этади.

Кўргазма доирасида турли ҳудуд ва тармоқларнинг экспорт салоҳияти тақдимоти, тўқимачилик маҳсулотлари модаси намойиши, ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёни ва бошқалар бўлиб ўтади.

Кўргазма якунлари бўйича амалий натижалар - имзоланган шартномалар ва инвестиция келишувлари эълон қилинади, иштирокчилар эса турли номинацияларида тақдирланадилар.

“Made in Uzbekistan” халқаро саноат маҳсулотлари кўргазмасида 685 та тармоқ ва ҳудудий корхоналар 2 мингдан зиёд ўз маҳсулоти билан, шундан, Сирдарё вилоятидан 160 та корхона 500 турдан ортиқ маҳсулоти билан иштирок этишмоқда.

Ушбу кўргазма унда иштирок этувчи — қурилиш материаллари, электротехника, енгил саноат, фармацевтика ва автомобилсозлик саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги тармоқ ва ҳудудий корхоналари ўртасида кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлабгина қолмай, кичик бизнес субъектлари учун ҳам улкан имкониятлар яратиши билан эътиборлидир.

Кўргазма эртага, 16 мартга қадар давом этади.

«Адолат» СДП Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+