Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги

28.06.2024 14:06:26

Инсоният яралибдики, унинг маънавий юксалишига бешик бўлган, тарихи бир неча минг йилга бориб тақаладиган, дунёнинг барча тараққиёт босқичларига гувоҳ бўлган, бағрида ҳам олис ўтмиш, ҳам бугунги тамаддун жараёнларини намоён этувчи бир маскан бор.

Бу маскан, шубҳасиз, маҳалладир. Маҳалла – халқ билан мамлакат ўртасидаги ишонч кўприги сифатида хизмат қиладиган, инсонни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатадиган, уни бағрикенглик ва халқпарварлик руҳида тарбиялайдиган муқаддас макондир.

Мана шундай буюк қадриятлар маскани бўлмиш маҳаллаларимиз доимий тарзда давлатимиз раҳбари эътиборида марказида бўлиб келмоқда. Жорий йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маҳаллалар ободлигини таъминлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Бугунги кунда юртимизда 10 мингга яқин маҳалла бор. Шундан қарийб 3 мингтаси кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, уларга 821 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Ҳовли уйлар жойлашган 6 минг 400 дан зиёд маҳаллада эса ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, асосан, ҳашар билан қилинади.

Шу боис тақдимотда якка тартибдаги хонадонлардан иборат маҳаллаларда «Маҳалла сервис компанияси» ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, бу ташкилотлар маҳаллаларни ободонлаштириш билан шуғулланади, кўчалар ва ариқлар тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиб, парваришлайди. Шартнома асосида коммунал тармоқларни таъмирлаш, чиқиндиларни саралаш ва ташиш хизматларини ҳам кўрсатади.

Сервис компанияси маҳалла фуқаролар йиғини кенгашининг қарори асосида салоҳиятли тадбиркорлар орасидан танлаб олинади. Ободончилик ишлари маҳалланинг буюртмаси ва назорати асосида амалга оширилади. Сервис компаниялари хизматларига тўловлар қилиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ойда 20 миллион сўмдан маблағ ажратилади. Шунингдек, улар аҳолига 20 дан ортиқ ижтимоий пулли хизматлар кўрсатиши ҳам мумкин бўлади.

Умуман, бу тизим натижасида маҳаллаларга файз киради, одамларда озодалик ва дахлдорлик маданияти кучаяди. Маҳаллада яшовчи усталар ва вақтинча ишсиз кишиларнинг бандлиги таъминланади.

Тақдимотда сервис компаниялари аввал тажриба тариқасида 208 та маҳаллада ташкил этилиши белгиланди. Ушбу тажриба натижаси бўйича кейинчалик барча маҳаллаларда жорий қилиш таклифи билдирилди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган бундай дастурлар маҳалла тизимга катта ваколат ва имкониятлар бермоқда. Биз ҳам ўз навбатида фуқароларимизни ҳам ободлик ва озодалик ишларида фаолликка, маҳалла ва хонадон атрофининг тозалигига масъулият билан карашга чақириб қоламиз.

Нурлибой ҚАИПБEРГEНОВ,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+