Маҳалла тизимидаги ёш оилалар ва оилавий муносабатлар

31.05.2022 13:05:17

Бугунги кунда оилавий муносабатларнинг умумий тушунчаси жуда кенг бўлиб, алоҳида аниқ фикрлаш билан чегаралаш мумкин эмас. Чунки оиладаги ҳар хил муаммолар ва муносабатлар янги-янги қирраларини келтириб чиқаради. Бу эса оилавий муносабатларни янада кенгроқ доирада тушунишни тақазо этади. Оиланинг моҳияти унинг муносабатларида акс этган бўлиб, фақат ўзаро ҳамкорлик, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабатлари асосида қурилади ва оиладаги муҳит унинг муносабат моҳиятини англатади. Узоқ асрлардан буён аждодларимиз оилавий ҳаётни соғлом турмуш тарзининг асосий қисми деб, оилавий ҳаётнинг муқаддаслигини эътироф этиб, оилада фарзандларни ҳаёт мазмуни деб, уларни жисмонан соғлом, ақлан етук комил инсон қилиб тарбиялаб келишмоқда. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек “Оила бизнинг халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан биридир”1. Таъкидланган ушбу қадриятлар авлоддан-авлодга ўтиб, сайқаланиб, оилавий муносабатлар маданиятини такомиллаштиришда, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан баркамол, этиб тарбиялашда катта аҳамият бериб келинмоқда.

Юртбошимизнинг олиб бораётган доно сиёсатлари натижасида оила институтини қайта қуриш, миллий урф-одатлар негизидан келиб чиқиб, оилавий тенденцияларни вужудга келтириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, ушбу ишларнинг барчаси ёш оилаларимизни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ҳаракатларидир. Оила эса фуқароларнинг табиий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий муносабатларига асосланган ижтимоий бирликдир. Шундай қилиб, оилавий муносабатларга даслаб оила никоҳ муносабатлари ва оила аъзолари орасидаги ўзаро табиий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва мулкий муносабатларни киритиш мумкин. Оилавий бирликда шахслар ўртасидаги алоқалар содир бўлиб, улар ҳаётда ва мақсадларда умумийликни вужудга келтиради. Оилавий муносабатларнинг шаклланиши жараёнига эътибор берар эканмиз, унинг маданиятини тўлиқ ўрганган ҳолда юқорида баён этилган фикрлар асосида шаклланишини гувоҳи бўламиз. Чунки оиладаги муҳит, унинг ижтимоий муносабатлар жараёни, оиланинг тузилиши, маънавий ҳолати ва урф-одатларидан келиб чиқишини унутмаслигимиз керак. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 1 бўлим 8-моддасида: Оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ва анъаналарнинг қўлланилиши. Қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади. Оиланинг маданий фаолияти, уларнинг шакллантириш ва ривожлантириш омиллари ижтимоий амалиётга боғлиқ ҳолда авлодлардан-авлодларга ўтиб, бойиб, такомиллашиб боради. Оиладаги ўзаро муносабатлар ҳақида фикр юритар эканмиз, улар муайян ижтимоий-маданий тизимни ташкил этиши кўзга ташланади.

Оиланинг шаклланишида, ижтимоий-маънавий тарбиясида, фарзандлар камолотида маҳалланинг ўрни катадир. Юртбошимиз бу борада жуда кўп ижобий фикрларни айтганларки, маҳалла фаоллиги оила мустаҳкамлигининг таянчи эканлиги ҳар бир кунимизнинг шиорига айланиб қолган. Ҳар бир ота-она фарзандини баркамол бўлиб вояга етишини истайди. Шарқ мамлакатлари уламолари, мутафаккирлари бола тарбиясига жуда катта эътибор бериб, халқ педагогикасининг ўзагини шакллантиришга ҳисса қўшганлар. “Бир болага етти маҳалла жавобгар” деган халқ нақли ўз ичига кўп маънони қамраб олган. Маҳалла, оила ҳамкорлиги бўлажак авлоднинг қандай бўлиши, ота-она ва яқин қўшниларнинг танбеҳлари йўналишларининг барчаси фақат яхши ниятда бўлишини кўрсатган.

Мамлакатимизда  мавжуд оилаларнинг аксарияти тўлиқ оилалардир. Тўлиқ оила деганда ота-она ва фарзандлардан иборат оила тушунилади. Бундай оилаларда оила бошлиғи ёши улуғ одам ҳисобланади. У оиладаги барча ишларни бошқаради. Бу оилаларда нафақат оилавий муносабат, балки қон-қариндошлик муносабатлари маданияти ҳам юксак даражада шаклланган бўлади. Бу муносабатларда миллийликнинг асл ўзаги намоён бўлади. Муносабатларнинг афзаллиги шундаки, қариндош-уруғлар билан оқибатли бўлиб яшаш, фарзандларни миллий удум, қадриятлар руҳида тарбиялаш учун имконият туғилади, ҳамда улар қариндошлар орасида ҳам моддий ҳам маънавий таянч бўлиб яшашга одатланадилар. Бугунги ривожланган жамиятда эса, оилавий муносабатлар маданий ҳарактерга эга бўлиб, албатта жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиб, яшаётган жамиятдаги оила қуриш анъаналари ва қонун-қоидаларига риоя қилиб яшашни тақазо этади.

Янги ҳуқуқий-демократик жамиятни қуришда, ислоҳотларнинг тақдири оилаларни мустаҳкамлигига ва соғломлигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам миллий ғоя тушунчасини ва мафкурасини ёшлар онги ва қалбига сингдириб боришда, оиладаги соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни аҳамияти жуда катта. Оила соғлом авлодни вояга етказувчи муҳим омил ҳисобланади.  

Хулоса қилиб айтганда инсон яхши яшаши учун бошқа омиллар билан бирга соғлом оилавий муҳит ҳам лозим. Бундай муҳит оила аъзоларининг бир-бирини тушунишга, оилавий муносабатларнинг тўғри ўрнатилишига боғлиқ бўлади. Республикамизда ёш оилаларнинг ҳар томонлама мустаҳкамлаш учун барча шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилган. Оилавий муносабатлар маданиятнинг такомиллашуви ёш оилани мустаҳкамланишига, оилада соғлом муҳитнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Зеро, ушбу барча қилинаётган ишлар янги турмуш қураётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатимизда мустаҳкам оилаларнинг сонини янада кўпайтиришдан иборатдир.

 

 

Ҳуррият ЭШОВА,

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини

механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқодлар унверситети декан муовини

мустақил-тадқиқотчиси,

“Адолат” СДП Аёллар қаноти фаоли

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+