Маҳаллалардаги мулоқот

30.09.2022 14:09:11

Сентябрь ойининг охирги ҳафтасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчилари ҳузурида бўлдилар. Аҳоли вакиллари билан мулоқотларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, турли жабҳалардаги туб ислоҳотларнинг бориши, парламент фаолияти каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Албатта, сайловчиларнинг ҳаётдаги турли муаммолар юзасидан билдирган фикрлари ҳам ўрганилди. Уларни бартараф этиш юзасидан кўриладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов Наманган шаҳридаги қатор маҳаллаларда бўлди. Дастлабки учрашув «Шарқ тонги» МФЙда ташкил этилди. Унда «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, депутат ёрдамчиси Акмалжон Ҳайдаров, партиямиз фаоллари иштирок этдилар.

МФЙ раиси Равшанбек Ваҳобжонов учрашувни қисқача кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Қонунчилик палатаси депутати Д. Исмоилов парламентнинг айни кунлардаги фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берди. У янгиланаётган Асосий қонун масаласига алоҳида тўхталди. Конституция Ўзбекистоннинг келажак сари ҳаракатларида муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиши қайд этилди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Дилшод Эркинов, хотин-қизлар фаоли Нигора Нуриддинова ва бошқалар ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, давлатимиз олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатни тўла қўллаб-қувватлашларини изҳор этдилар.

Шу билан бирга мулоқот жараёнида фуқароларнинг айрим масалалар бўйича мурожаатлари ҳам тингланди. Айниқса, аҳолининг электр таъминотини барқарорлаштириш тўғрисида кўп фикрлар билдирилди. Чунки ҳудуддан 4- ва 5-Самарқанд кўчаларида симёғочлар ўта эскирган. Кабеллар ҳам бугунги кун талабига жавоб бермайди. Уларни янгилаш бўйича қўйилган масалалар эса негадир эътиборсиз қолмоқда.

Маҳалла фуқаролари газ таъминотидан ҳам қониқаётганлари йўқ. МФЙ даги хонадонларнинг саксон фоизи баллондаги «зангори олов»дан фойдаланади. Баъзан у бир ойга етмасдан тугаб қолади. Режага мувофиқ эса баллон қирқ беш кунда алмаштирилади. Оқибатда маълум муддат газдан фойдаланишнинг иложи бўлмаяпти.

Депутат бу каби муаммоларга барҳам бериш учун маҳаллий ҳокимлик ва тегишли ташкилотларга сўров юборишини айтди. Ўйлаймизки, камчиликлар тезда бартараф этилади.

Парламентдаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоиловнинг Бобораҳим Машраб ҳамда Фурқат номли ва «Озод» маҳаллалари фуқаролари билан учрашувлари ҳам самарали кечди.

Нурбек Абдуллаев

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+