Маҳаллий бошқарувни қандай такомиллаштириш мумкин?

21.08.2021 09:08:43

Маҳаллий ижро ва вакиллик органларининг фаолиятини ривожлантиришда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал қилиш соҳасида замонавий бошқарув механизмларини жорий қилиш ҳамда кадрлар малакасини ошириш муҳим аҳамият касб этади.  Наманган шаҳрида  Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш қаратилган қўшма лойиҳаси асосида уч кунлик семинар-тренинг ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги бир қатор  туманлар ҳокимларининг  ўринбосарлари ва халқ депутатлари маҳаллий кенгаши котибиятлари мудирлари, доимий комиссиялар раҳбарлари иштирок этдилар.

Семинар-тренинг давомида фуқаролик жамиятининг асосий тамойиллари, маҳаллий бошқарув жараёнларида жамоатчилик иштирокини ва масъулиятини ошириш, ҳудудларнинг ўзига хослиги ва имкониятига қараб ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, доимий ва батафсил мониторинг ва таҳлилнинг аҳамияти, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, хорижий тажрибалар ва маҳаллий жараёнлар реал мисоллар ёрдамида солиштириб, муҳокама қилинди. Иштирокчилар замонавий бошқарув услублари ва фуқаролар билан самарали алоқа ўрнатиш усулларини ўрганиб, ўз фаолиятларига татбиқ қилиш юзасидан малакага эга бўлдилар.

Семинар-тренинг машғулотлари Халқаро Вестминстер Университети томонидан тайёрланган махсус ўқув дастури асосида олиб борилди. Маърузаларни эса Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг Аҳлиддин Маликов, Беҳзод Алимов каби тажрибали  ўқитувчилари ўқидилар. “Маҳаллий бошқарувдаги натижага йўналтирилган менеджмент”, “Маҳаллий давлат бошқарувида жамоатчилик назорати”,    “Маҳаллий ривожланишни стратегик режалаштириш ва унда аҳолининг иштирокини таъминлаш”,  “Маҳаллий бюджетда фуқаролар иштироки” каби мавзулар ҳаммада катта қизиқиш уйғотди. Тест ва савол-жавоблар, симуляция ўйинлари, гуруҳларга бўлиниб машқлар ўтказиш машғулотлар самарадорлигини янада оширди.

– Семинар-тренинг барча қатори менда ҳам катта таассурот қолдирди, - дейди халқ депутатлари Косонсой туман кенгашидаги лоимий крмиссия раҳбари, “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев. – Биз ислоҳотлар тезлиги ҳамда ҳудудлар ва соҳаларни ривожлантириш бўйича белгиланаётган марралар давлат хизматларининг ҳар бир йўналишида иш ташкил этишни қайтадан кўриб чиқишни тақозо этаётганлигига ишонч ҳосил қилдик. Бунга эса замонавий бошқарув учулларини жорий этмасдан эришиб бўлмаслигини англаб етдик.

Пировардида семинар-тренинг иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+