Майиз ва мeва катта фойда кeлтиради

03.06.2022 20:06:11

Бугун юртимизда қаерга борсанг, тадбиркорликларга дуч келасиз. Кимдир катта магазин қураяпти, кимдир бино қуриб, тикувчилик ё пайнет, савдо, дори сотуви, кимдир уй-хўжалик моллари сотиш, кимдир блок ғишт, кимдир пишиқ ғишт, мебель ишлаб чиқариш, кимдир темир-терсакдан маҳсулот ясаш, кимдир ширин таомлар пишириб элни хурсанд қилиш билан, кимдир эса кийим-кечаклар тикиб, чет элга экспорт қилиш билан шуғулланмоқда. Ҳатто китоб дўконларимиз кўпайиб қолгани ҳам қувончли ҳодиса. Ҳа, тадбиркор нима бўлса ҳам бирон хизмат, савдо ё ишлаб чиқариш, инвестиция олиб кириш, янги маҳсулот турлари ишлаб чиқариш, бозоримизни обод қилиш билан шуғулланмоқда. Қимирлаган одам борки, нимадир топяпти. Нимадир яратяпти, нимадир қиляпти.

Қишлоқларимиздаги балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, узумчилик ҳам шу тадбиркорликнинг бир кўриниши, бир бўлаги, демак шу соҳаларга ҳам одамларда кучли ихлос, қизиқиш, иштиёқ бор. Бу иштиёқ кўпайса кўпаядики камаймайди, сабаби одамлар уй қуриши, тўй қилиши, болаларини оёққа қўйиши, уларнинг ҳам ишини жонлантириб юбориши керак. Сабаб иқтисодиёт «ричаг»ларини ишлатиш, тирикчиликни «қимирлатиш». Кўп одамларга «нима қиляпсан?» деб савол берсанг, «тирикчилик» деб қўяди. Бу «тирикчилик»нинг тагида кўп сабаблар бор.

Энди қишлоқ хўжалиги соҳасида кўзга кўринган тадбиркорларимиз ҳақида гапирсак, ишбилармон тадбиркор Умар Омонов номини ҳам тилга оламиз. Бизда қишлоқ хўжалигида ишга солинмаган имкониятлар кўп. Буларга турли мевалар, пахта, ғалла, сабзавотлар, тери, юнг, балиқ, гўшт ва бошқаларни қайта ишлаш ҳам киради. Чет элга меваларимизни сотиш ҳам катта пул келтиради. Сабаби қишлоқларимиз серқуёш, ёз бўйи қуёш нурини «эмиб» ётган мева ва узумларимиз шу қадар ширин бўлиб кетадики, ер юзининг кўп давлатларида улардайини тополмайсиз. Бу бизга табиат инъом этган имкониятларни ишга солишимиз керак.

Биз туманимизда тадбиркорлик соҳасида қилинаётган ишлар билан қизиқиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири Жамшид Ахунов билан Умар Омонов тадбиркорлик қилаётган манзилда бўлдик.

Тадбиркорликка яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юртдошларимиздан бири бўлган Умар Омонов ҳозирда 50 га яқин тумандошларимизни иш билан таъминлаган. Россия мамлакатидан келтирилган майизни ювиш ва қуритиш, экспортга тайёрлаш линиясида юртимиз қуёшида товланиб пишган узум майизлари қуритилиб, тозаланиб, Белоруссия, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Экспорт борасида Умарнинг туманимиз кўрсаткичига таъсири сезиларли. Ҳозирда 1 миллион долларга яқин майиз ва қуруқ мевалар экспорт қилиб, йил охиригача бу ишни яна давом эттирмоқчи.

-Деҳқончиликда имкониятимиз жуда катта, - дейди Умар, - майиз, мева, гўшт, сабзавот ва бошқа маҳсулотларимизни қайта ишлаш орқали жуда кўп имкониятларга эга бўлишимиз мумкин. Аммо ҳозирда тумандошларимизда бу ишларга рағбат жуда кам. Ёшларимиз бу масалага жиддий қарашлари керак. Қачонгача ёшларимиз чет элларга бориб ишлаши керак? Улар ўз юртимизда ишли бўлиши керак. Бунинг учун эса каллани ишлатиб, турли дастгоҳлар, замонавий ишлаб чиқариш ускуналари, заводлар, фабрикалар учун технологиялар олиб келишимиз керак. Хитой, Корея, Россия ва бошқа мамлакатлар ёшларидан кўп нарса ўрганишимиз керак. Улардаги ишлаб чиқаришдан ўрганишимиз, улар маҳсулот ишлаб чиқаришда қандай янгиликлар, ихтиролар яратаётганига эътибор беришимиз керак. Билимли ёшлар ўз фикри-зикрини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожига, янги иш ўрни яратишга сарф қилиши керак. Президентимиз «Битта иш ўрни яратган тадбиркор ҳам менинг ҳимоямда» демоқдалар. Биз бу гапларнинг мағзини чақишимиз ва давлатимиз бошчилигида яратиб берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланишимиз керак. Туманимизда завод, фабрика, цех, хизмат кўрсатиш ва маҳсулот турлари, ишлаб чиқарилаётган товарлар кўпайиши керак. Ана шунда солиқ тушумлари ошади, янги иш ўринлари кўпаяди, одамлар ишли ва маошли бўлади, оилаларга даромад кириб боради. Бу эса туманимиз равнақи учун жуда зарурдир. Бир сўз билан айтганда туманимизда ишлаб чиқариш линиялари кўпаяди.

Яна бир гап. Яқинда Умар қуруқ меваларни ювиб, тозалаб, харидорбоп қилувчи линия ҳам сотиб олди. Энди туманда меваларимиз ҳам экспортга тайёрланади.

Азамат ТАВБОЕВ, Халқ депутатлари Паяриқ туман кенгаши депутати,

Халқ депутатлари туман Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа

ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+