Мактаб биноси бузилади

10.07.2021 09:07:00

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Фориш тумани “Истиқлол” маҳалласи ҳудудидаги 58-сонли мактаб биносининг аянчли ҳолати акс этган видеолавҳа тарқалди.

Фориш туман халқ таълими бўлимидан берилган маълумотга кўра, ушбу мактаб биноси “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий Дастури” доирасида 2009-2010 йилларда капитал таъмирдан чиқарилган. Қозоғистон Республикаси билан чегарадош бўлган “Арнасой” қишлоқ фуқаролар йиғини (ҳозирги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини)да қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилган. Қозоқ миллатига мансуб аҳоли Қозоғистон Республикасига кўчиб кетгандан кейин, бу ҳудудда яшовчи аҳоли қолмаган.

“Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги аҳолининг тўлиқ қўшни Қозоғистон  Республикасига кўчиб кетиши оқибатида аҳоли ва мактаб ёшидаги ўқувчилар қолмаганлиги сабабли туман ҳокимининг 2010 йил апрель ойидаги 1172-сонли қарорига асосан 58-сонли умумтаълим мактаб фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Фориш туман ҳокимининг 2015 йил 10 мартдаги 109-сонли қарорига асосан мактаб биноси 50-сонли умумий ўрта таълим мактаби тасарруфига ўтказилиб, туман молия бўлими томонидан 2 (икки) нафар қоровул штатлари ажратилган. Мактаб директори, хўжалик мудири ва қоровулларга моддий жавобгарлик белгиланган. Аммо 50-сонли таълим масканининг 58-сонли умумтаълим мактаби билан оралиқ масофаси 100 километрни ташкил этганлиги сабабли мактаб ва мактабдаги ўқув жиҳозларини сақлашда бир қанча қийинчиликлар юзага келди.

Шу сабабли, Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасининг 2018 йил 20 февралдаги хатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими Вазирлигининг жавоб хати билан вақтинча фаолияти тўхтатилган 58-сонли умумтаълим мактабидаги мавжуд ўқув жиҳозлари (парта, стол, стул ва бошқалар) тумандаги эҳтиёжи мавжуд бўлган мактабларга қонуний тартибда ўтказилишига эътирози йўқлигини маълум қилган.

Фориш туман ҳокимининг 2018 йил 25 августдаги хатига асосан 58-сонли умумтаълим мактабидаги мавжуд ўқув жиҳозлари тумандаги 59-сонли умумтаълим мактабга фойдаланиш учун берилган.

Мазкур мактаб туман марказидан 250 км. узоқликда жойлашган. Ҳозирги кунга қадар худудга бирорта аҳоли кўчиб бормаган, бугунги кунда бирорта оила яшамайди.

Мактаб биносини бузиш, қурилиш материалларини туман марказига келтириш ва умумтаълим мактаблари учун қўшимча бинолар қуриш режалаштирилган.

 

Умида БЎРОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фориш туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+