Мактаб дарсликларидаги хатолар миллатга хиёнат сифатида баҳоланиши лозим

17.05.2021 10:05:42

Қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз букар экан, ундай миллат кўп узоқламаёқ, инсоний ҳуқуқларидан ажраган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзидан йўқолишга мажбур бўладилар.

Алихонтўра Соғуний,

«Туркистон қайғуси» китобидан

* * *

Маълумки, болаликда олинган билим тошга ўйилган нақш мисоли бир умр инсон шуурида муҳрланиб қолади. Шу сабаб илм манбаи – мактаб дарсликлари ҳар қандай катта-кичик хато, чалкашлик, англашилмовчиликдан холи бўлиши шарт. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Афсуски, бугун айрим дарсликларни варақларкансиз, нафақат мутахассис, балки оддий ўқувчи назарига “лоп” этиб тушиб қолаётган кўпдан-кўп хатоларга дуч келасиз. Нима учун бу ҳол юз берган? Ким айбдор? Нега хатолар зудликда тузатилмаган, ҳатто “тузатиш” ҳам берилмаган, деган саволлар кишини ўйлантиради. 

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим сифати – партия нигоҳида” лойиҳаси доирасида партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ҳамда туман ва шаҳарлардаги партия ташкилоти фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўрганишлар олиб борилди. Асосий эътибор эса таълим масканларининг ўқув дарсликлари билан таъминланганлиги, дарсликлардаги хатоларни ўрганиш масаласига қаратилди.

Ўрганиш жараёнида бу борада муаммолар керагидан ортиқ эканлиги аниқланди.

Жумладан:

- 5-синф “Тарихдан ҳикоялар” дарслигида (19-саҳифа) “Энг қадимги одамлар ва уларнинг манзилгоҳлари” мавзусида “ишбилармон одам” ҳам, “ақл идрокли одам” ҳам homo sapiens деб берилмоқда, аслида “ишбилармон одам” бу “homo habiles”дир”.

- 6-синф “Тарих” дарслигида (85-саҳифа) милоддан аввалги 2-минг йилликда Жанубий Юнонистон ва Крит оролида илк шаҳар давлатлар вужудга кела бошлади, деб ёзилмоқда. (Аслида 4-минг йилликда деб ёзилиши керак).

- рус тилида таълим оладиган 3-синф ўқувчилари учун “Математика” дарслигида (101-страница) “14 рабочих собрали 102 кg (кг бўлиши керак) клубники и разложили их поровну в 12 килограммовые ящики” деб ёзилган.

- 6-синф “Тарих” дарслигида (69-саҳифа) “Милоддан аввалги 3-минг йилликда Шанга давлатига Чжоу қабиласи бостириб киради” дейилган. Аслида “Чжоу қабиласи Шан давлатига милоддан аввалги 2-минг йилликнинг охирида бостириб кирган.

- 3-синф “Математика” дарслиги муқоваси кирилл алифбосида ёзилган, учинчи бетидан лотин алифбосида чоп этилган.

- 9-синф учун “Биология” дарслигининг 2019 йилда чоп этилган «қайта ишланган ва тўлдирилган 5-нашри» чиққан. Лекин аввалги нашрига нисбатан ҳеч қандай янги ўзгариш, қайта ишлаш кўринмаган. Дарслик 494 082 нусхада чоп этилган. Муаллифлари ўзгармаган. Дарсликни варақлаб қарасангиз, ўзгаришларнинг аксарияти косметик тарзда. Ҳар тўрт йилда чоп этиладиган, «қайта ишланган ва тўлдирилган» янги нашрда бугунги фан янгиликлари умуман жой олмаган, мавжуд маълумотлар янгиланмаган.

- 9-синф “Биология” дарслигининг 13-бетида прокариот организмлар амитоз бўлиниш йўли орқали кўпайиши айтилган. Ваҳоланки прокариот организм­лар тенг иккига бўлиниш йўли билан кўпаяди. Амитоз бўлиниш ва тенг иккига бўлиниб кўпайиш алоҳида-алоҳида жараён.

- 9-синф “Биология” дарслигининг 15-16-бетларида кўк-яшил сувўтларини ўсимликлар оламига мансуб дейил­ган. Бу илмий жиҳатдан камчилик эмас, балки катта хатодир! Боиси кўк-яшил сувўтлар деб номланадиган организмлар бактериялар дунёсига мансуб цианобактериялар деб номланган алоҳида тип ҳисобланади. Улар ўсимликлар оламига мансуб эмас.

- 5-синф “Адабиёт” дарслигида мад­ҳия берилмагани ҳолда 6-8-синф дарс­ликларида мавжуд. 7-9-синф дарсликларида ҳам берилмаган. Бизнингча, давлат мадҳияси ёки ҳар бир синф дарслигида берилиши керак.

- 5-синф “Адабиёт” дарслигига киритилган ёзувчи ёки шоир ижоди 6-синфда давом эттирилса, аввалги синф­да берилган маълумотлар тўлдирилиши, бойитилиши лозим. Афсуски, 6-синф дарслигидаги айрим ижодкорларнинг таржимаи ҳоли айнан такрорланган ёки янги маълумотлар билан бойит­илмаган. Ҳатто айрим ўринларда салмоқли ҳажмдаги матнлар, адиб ҳаёти ва ижоди юзасидан берилаётган савол-топшириқлар ҳам ҳеч бир ўзгаришсиз кейинги синф дарслигига кўчиб ўтган. Буни Муқимий, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов таржимаи ҳоли мисолида кузатиш мумкин. Фикримизнинг исботи учун бир-иккита мисол келтирамиз: “Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли Муқимий 1850 йилда Қўқон шаҳрида Беквачча маҳалласида новвой оиласида туғилган. Муқимий дастлаб ўз маҳалласида мулла Абдухалил мактабида таҳсил олади. Шоирнинг илм ўрганиши ва бадиий ижодга эрта қизиқишида унинг волидаси, қобилиятли аёл Ойшабиби айтиб берган кўплаб эртак ва қўшиқларнинг таъсири кучли бўлган. Муқимий дастлаб Қўқондаги “Ҳоким ойим” мадрасасида таълим олади. 1872-1873 йилларда Бухорога бориб, у ердаги “Меҳтар анбар” мадрасасида ўқишни давом эттиради. 1876 йилда ўқишни тамомлаб, Қўқонга қайтади. Уйланади. Шоир дастлаб ер қурилиши маҳкамасида мирзалик, сўнгра Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжардаги паромда паттачилик қилади...” (1-қисм, 91-92-бетлар). Шу тарзда салкам бир ярим саҳифалик 5-синф дарслигида берилган маълумотни ўқувчи 6-синф дарслигида ҳам такрор ўқишга мажбур бўлади.

- 8-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 115-бетида Қўқон хонлиги 1710 йилда ташкил топган, дейилган. Худди шу дарсликнинг 117-бетида эса бу сана 1709 йил деб кўрсатилган.

Эрон — Россия уруши (90-бет) ҳақида ҳам худди шундай хатоликка йўл қўйилган. Дарсликда мазкур уруш 1826 — 1829 йилларда содир бўлган, дея ёзилган. 8-синф «Жаҳон тарихи» дарслигида эса бу уруш 1826 — 1828 йилларда кўрсатилган. Бу каби ҳолатлар тарих бўйича қўлланмаларда кўп учрайди.

- 8-синф дарслигида Алишер Навоийнинг “Жонға чун дермен не эрди...” деб бошланувчи ғазалининг аруз бўйича вазни “амали мусаммани маҳфуз” деб берилган, аслида “маҳзуф” бўлиши лозим.

- 2010 йилдаги иккинчи нашрнинг 309-бетида Фузулийнинг “Шоҳнома” асари тўғрисида “арузнинг мутақориби мусаммани маҳзуф” вазнида ёзилган деб кўрсатиш ўрнига, “маҳфуз” дейилган. Аслида арабча атама кўринишини олган “маҳзуф” сўзи “ташлаш” маъносини беради ва бу сўз мисрада бир бўғин тушириб қолдирилганини билдиради. “Маҳфуз” эса “ҳимояланган, муҳофаза қилинган” демакдир. Айни китобда шоир Муҳаммад Юсуфдан келтирилган сатр­да “кут мени ҳар оқшом кўкка ой чиққан” дейиш ўрнига “кут мени ҳар оқшом кўкка ой чиққач” деб ёзилган. Бу хатолик сатр жозибасини хиралаштирган.

- 9-синф “Биология” дарслигининг 41-саҳифасида “Митохондриялар ярим автоном органоид бўлиб, уларнинг мембраналараро бўшлиғида ДНК, РНК ва рибосомалар бўлади”, дейилади. Аслида митохондриянинг мембраналараро бўшлиғида ҳеч қандай ДНК, РНК ёки рибосома бўлмайди. Ушбу молекула ва органоид митохондриянинг ички мембранаси ичида жойлашади.

- 7-синф “Тарих” дарслигида Имом Бухорийнинг “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” асарида ҳадислар сони 7375 та деб берилган бўлса, худди шу маълумот адабиёт дарсликларида 7397 та деб кўрсатилган.

- 9-синф “Ватан тарихи” дарслигида “Миллий озодлик ҳаракати” мавзуи ўта саёз берилган. Тарих фани дарсликларига атамаларнинг изоҳли луғати ва хариталар илова қилинмаган.

- 7-синф “Адабиёт” дарслигида босмахона айби билан саҳифалар тушиб қолган.

Юқоридагилардан англашилиб турибдики, мактаб ўқувчилари учун чиқарилаётган ўқув дарсликлари хато ва камчиликлардан холи эмас. Аслида битта хато ёки камчилик ҳам билим олаётган ёшлар ҳаётида салбий из қолдириши мумкин. Шунинг учун Халқ таълими вазирлиги ходимлари, дарсликлар муаллифлари ва дарс­ликларни нашр қилаётган нашриётлар вакиллари ҳар бир дарслик устида жиддий иш олиб боришлари зарур. “Адолат” СДПнинг фаоллари келгусида ҳам дарсликлар нашри билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор бериб борадилар.

 

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+