Мактаб спорт зали таъмирланмоқда

22.05.2021 06:05:30

Зафаробод туман халқ таълими бўлимига қарашли 12-сонли умумий ўрта таълим мактаб спорт залининг яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур спорт залга оид видеонинг ижтимоий тармоқларга жойланганига ҳали кўп вақт бўлмаганлигига қарамасдан кўплаб юртдошларимиз томонидан турли хил фикрлар билдирилмоқда.

Туманнинг “Чўлигулистон” ҚФЙ ҳудудида жойлашган мазкур мактаб 1987 йилда қуриб фойдаланишга топширилган бўлиб, шу кунга қадар ҳеч қандай қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Фақатгина 2020 йилнинг декабр ойида  туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 564 миллион сўм маблағ эвазига мактабнинг иситиш тизими "Қулама таъмир" МЧЖ фирмаси томонидан тўлиқ қайта қилинган.

2016 йилдан буён мактаб спорт зали таъмирталаблиги сабабли ўқувчилар бу ерга киритилмайди. Бир неча бор қайта таъмирлаш бўйича Давлат дастурларига киритилганига қарамасдан, тегишли маблағлар ажратилмаганлиги боис спорт залда ўз вақтида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган. Доимий ёғингарчиликлар сабабли жорий йилнинг 16 апрель кунида мактабнинг спорт зали томининг бир қисми қулаб тушди.

Бугунги кунда туман ҳокимлиги томонидан ушбу спорт зал таъмири учун 351 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, "ЗАФАРОБОД САВДО КЕЛАЖАГИ" МЧЖ томонидан қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Спорт залини таъмирлаш доирасида залнинг том қисми ва пол қисми тўлиқ янгиланиб, кийиниш ва ювиниш хоналари ҳам замон талаблари даражасига келтирилади.

Мактаб 624 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу таълим даргоҳида 431 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олиб келишмоқда. Мактаб таъмирталаб аҳволга келиб қолганлигига қарамасдан ушбу мактабда таҳсил олиб келаётган ўқувчилар кўп маротаба фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларининг туман, вилоят, республика босқичларида юқори ўринларни эгаллаб келишмоқа. Хусусан жорий йил мактабнинг 3 нафар ўқувчиси ўтказилган фан олимпиадаларининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этишган. 2 нафар ўқувчи эса спортнинг бокс ва кураш турлари бўйича ўтказилган мусобақаларнинг республика босқичиди 1 ва 2-ўринни ўринларни эгаллашган. Умид қиламизки, спорт зал билан биргаликда мактабнинг моддий техник баъзаси, ҳар бир синф хонаси ҳам барча замон талабларига жавоб бера оладиган даражага келтирилса, юқорида келтириб ўтган ўқувчиларнинг сони яна ҳам ошади.

Сирож АСЛАНОВ,

Халқ депутатлари Зафаробод туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+