Мактабгача таълимда нима гап?

09.06.2021 19:06:14

Сафдошимиз Саидолим Абдураҳмоновнинг касби журналист, қатор вилоят ва республика нашрларида, жумладан, “Адолат” газетаси таҳририятида ҳам ишлаган. Бир муддат вилоят партия Кенгаши раиси ўринбосари, Наманган шаҳар кенгашининг раиси бўлиб ишлаган. Беш йил халқ депутатлари Чортоқ туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳига раҳбарлик қилган. Айни пайтда эса Наманган вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати етакчиси.

– Мен ҳозир ишлаётган соҳа фаолияти нафақат давлатимиз раҳбари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам эътибор марказида, - дейди С. Абдураҳмонов. – Чунки мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси бутун халқ ва мамлакат тақдири учун катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳар бир киши давлат ажратаётган маблағлардан қандай фойдаланилаётганлиги, таълим-тарбия жараёнларининг йўлга қўйилиши билан қизиқади. Бошқармамиз раҳбарияти кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ишлардан хабардорлик даражасини ошириш мақсадида қатор тадбирлар ишлаб чиқди. Биринчи навбатда ижтимоий тармоқлардаги каналларимиз, сайт ва саҳифаларимизни қизиқарли ҳамда долзарб мавзудаги материаллар билан мунтазам тўлдириб бориш вазифаси белгиланди. Барча манфаатдор шахсларни ўзаро ҳамкорликка даъват этдик.

Куни кеча Уйчи туманидаги мактабгача таълим ташкилотларига уюштирилган  пресс-тур ҳам ушбу мақсадга хизмат қилади. Тадбирда вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, маҳаллий блогерлар қатнашдилар. Соҳа фаолияти билан танишув туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова иштирокидаги брифингдан бошланди. Сўнгра тадбир қатнашчилари бир қатор мактабгача таълим ташкилотларига ташриф буюриб, уларда яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёнларининг қандай йўлга қўйилганлигини кўздан кечирдилар.

– Пресс-тур учун нисбатан қисқа вақт ажратилган бўлса-да, кўп маълумотларга эга бўлдик, - дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг вилоят бўйича муҳбири Оқил Дадабоев.- Жойларда нафақат педагоглар ва тарбиячилар, балки болалар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг зарур билимларни пухта эгаллаётганликларига гувоҳ бўлдик. Тўпланган илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш юзасидан тавсиялар берилди. Мен ўзим ҳам мазкур мавзуда туркум материаллар тайёрлашга аҳд қилдим.

Маълум бўлишича, бугунги кунда туманда  мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, ҳозирги замон талаблари ва андозалари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга қаратилаётган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мактабгача ёшдаги жами 18 892 нафар боланинг 67,7 фоизи МТТларда тарбияланмоқда. Ҳолбуки, бу кўрсаткич 2017 йилда  40 фоизни ташкил этганди. 6 ёшли болалардан 3985 нафари, яъни 80,1 фоизи эса биринчи синфга тайёрланмоқда. 2017 йилда ташкилотлар сони 38 тани ташкил этганди Ҳозир эса   167 тага (48 та давлат, 119 та нодавлат) етди. Бу борада уч марта ўсишга эришилди. Яқин келажакда мазкур рақамлар салмоғини янада ошириш юзасидан изчил иш олиб борилмоқда.

Пресс-тур якунида биз иштирокчилар, партиядошимиз раҳбар бўлган вилоят мактабгача таълим бошқармасининг ахборот хизмати фаолиятига янги муваффақиятлар

тиладик.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+