Мактабгача таълим: келажак сари дадил қадамлар билан

26.05.2021 13:05:48

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим ривожига алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида  ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам шу масалаларга эътибор қаратилди. Соҳадаги камчиликларга тўхталиб, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди, тегишли вазифалар белгиланди. 

Таъкидлаш  жоизки, олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ мамлакатимиз ҳудудида охирги тўрт йилда боғчалар сони 5 минг 200 тадан 18 минг 300 тага ошди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайиб, бугунги кунда барча мактабгача таълим муассасаларида 1 миллион 700 минг нафар бола тарбияланмоқда.

Эътироф этиш керакки, йиғилишда мактабгача таълим муассасаларининг 12 минг нафар ходимини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиши белгилангани айни муддао. Чунки, мутахассисларнинг илмий хулосасига кўра, инсон ўз умри давомидаги барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олар экан. Шу боис ёш авлоднинг соғлом ва билимли, етук кадрлар бўлиб вояга етишида мактабгача таълим тарбияси, соҳадаги кадрлар малакаси жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун соҳада етук, малакали, креатив фикрилайдиган, замонавий билимларни чуқур эгаллаган кадрларга эҳтиёж сезилади.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, йиғилиш давомида оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш вазифаси қўйилди. Бунинг учун давлат томонидан жами 30 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, бундай муассасаларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун 5 фоиз ставкада 30 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилиши, давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалар субсидия миқдорини 75 фоизга етказиш, хусусий боғчаларнинг электр энергияси ва табиий газ тўловининг 50 фоизини давлат бюджетидан қоплаш, пандемия сабабли тўлиқ қувватда ишламаган давлат-хусусий шериклик боғчаларнинг кредитлари бўйича асосий қарз тўлови муддати ҳам йил якунига қадар узайтирилиши  келажагимиз эгалари - жажжи болажонларнинг порлоқ келажаги йўлида қўйилган дадил қадамлардан бири бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Мактабгача таълим ташкилотларининг асосий вазифаси жисмоний ва психологик жиҳатдан соғлом, маънавий баркамол, меҳнатга тайёр шахсни шакллантириб беришдан иборат. Шунингдек, болаларда ижтимоий-дунёвий билимларни эгаллашга бўлган интилиш, ижтимоий фаолликнинг ортишида боғча тарбияси ҳал қилувчи омил бўлиб, боланинг комил инсон бўлиб шаклланишида алоҳида ўрин тутади.

Албатта, бугунги тобора мураккаблашиб, глобаллашиб бораётган жамиятда инсониятнинг комиллик сифатларини сақлаб қолиш энг муҳим масала ҳисобланади. Шу билан бир қаторда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, уларни маърифат ва маданият сари етаклаш ҳам ўзининг долзарблигини йўқотган эмас. Бу масалаларнинг ечимни энг аввало мактабгача таълим тизимидан излаш тўғрироқ бўлар эди деб ҳисоблайман. Президент Ш.Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, “Ҳаётимизда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия тизими ҳақида гапирганда, Абдулла Авлоний бобомизнинг доно фикрларини такрор ва такрор айтишга тўғри келади: таълим-тарбия — биз учун ҳаёт-мамот масаласидир”.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+