Мактабгача таълим тизими ходимлари қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

27.07.2022 12:07:13

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси доирасидаги жамоатчилик давраларидаги баҳслар қизғин давом этди. Жумладан, Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармасида ўтказилган тадбир ҳам, Конституциявий қонунун лойиҳасининг энг муҳим хусусиятларига бағишланди. Унда тизимнинг вилоят бўғинида фаолият олиб бораётган мутасаддилар, шунингдек, Наманган шаҳри ва унинг таркибига кирувчи Давлатобод ҳамда, Янги Наманган туманлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни бошқарма бошлиғи Хилола Юсупова очди ва  Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг мазмун-моҳияти ва ҳаётий заруратлари тўғрисида фикр билдирди.  Шундан сўнг, Наманган вилояти Адлия бошқармасининг бўлим бошлиғи Зулфия Аҳмедхўжаеванинг “Янги Ўзбекистон – янги Конституция!”, деб номланган маърузаси тингланди.

наманган3

Маърузада Ўзекистон Республикаси Конституциясининг 60 тага яқин моддасига 200 дан зиёд ўзгартиришлар,  шунингдек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилаётганлиги айтилди.  Таъкидландики, қонун лойиҳасини тайёрлашда миллий қонунчилик, қадриятлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ўзбек давлатчилигининг тарихий тамойиллари, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар, илғор хорижий тажрибалар муҳим ўрин тутмоқда.

 – Конституциявий тузатишлар, биринчи навбатда, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг муайян шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқ-манфаатларини кафолатли тарзда таъминлашга, ҳимоялашга қаратилган ва тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади, – деди Зулфия Аҳмедхўжаева. – Бундан буён  Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат сифатида таснифланади ва давлатнинг олий мақсади инсоннинг ҳуқуқ-эркинликларини таъминлашга қаратилади.

Нотиқ Конституциявий қонуннинг янги лойиҳасининг ана шундай  умум эътирофга хос хусусиятларига бирма-бир тўхталди. Жумладан, фуқароларнинг, айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиришга қаратилган таклифларга эътибор қаратди.

– Билдирилаётган таклифлар ва киритилаётган ўзгартиришларга кўра, – деди у, – бундан буён, ногиронлиги бўлган шахслар ёки аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдамларнинг бошқа турлари, хусусан, пенсия ва нафақаларнинг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлишининг мумкин эмаслиги илгари сурилмоқда. Бунда давлат инсон ҳаёти сифатини яхшилаш ва ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш мақсадларини ўз зиммасига олади. Айниқса, қонун нуқтаи назаридан ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланишни тақиқлайди.

наманган2_8

Муҳокама давомида  мактабгача таълим тизими вакилларидан иборат иштирокчилар томонидан оила институти, таълим, илм-фан, хусусан, мактабгача таълим ва  бола манфаатларига доир саволларни ўртага ташлашди. Шунингдек, мактабгача таълим тизимлари фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий механизмлари ҳамда тарбиячи мақомини янада юксалтириш билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, амалдаги Конституциянинг 41-моддаси биринчи хатбошисидаги “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга” деган жумла “Узлуксиз таълимнинг бош бўғини мактабгача таълим босқичидир”, ушбу модданинг учинчи хатбошисидаги “Мактаб ишлари давлат назоратидадир” жумласи эса, “Мактабгача таълим ва мактаб ишлари давлат назоратидадир” деган жумлалар билан тўлдирилиши, шунингдек, таълим соҳаси ходимлари мақомини мустаҳкамлаш борасида “Педагог ва тарбиячи мураббийларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир” деган норма киритилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашди. Суҳбат жараёнида референдум масаласидаги фикрлар ҳам ўртоқлашилди.

Қатнашчиларнинг конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тегишли тартибда қайд этиб борилди.

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари,

“Адолат” СДП фаоли.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+