Мактабни мактаб қиладиган куч ўқитувчилардир

21.05.2021 11:05:38

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ҳақиқатан ҳам, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактаб.

Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир. Маълумки, мураккаб ўтиш йилларида мактаблардаги маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Кейинги йилларда ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид 10 дан зиёд фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 32 та қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди. Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди. Сўнгги  йилларда юртимизда 157 та умумтаълим мактаби янгидан қурилди. Улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номлари билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб бермоқда.
Давлатимиз раҳбари “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини пухта ишлаб чиқиш, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. “Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак", деди Шавкат Мирзиёев.       

Мактабнинг раҳбари адолатли бўлсагина, бу таълим даргоҳида маънавий муҳит соғлом бўлади, ўқитувчи ва ўқувчилар катта ютуқларни қўлга киритадилар, халқаро олимпиадаларда нуфузли ўринларга эга бўладилар. Бунинг учун эса мактабда раҳбарликка тайинланаётган кадрларни маънавий-маърифий тизимга тўлақонли тайёрлаш зарур.

Дарҳақиқат, ўқитувчиларниг фидойилиги тансинга сазовордир. Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва тараққиёти учун жон фидо қилиш устозларимиз зиммасига янада масъулиятлироқ вазифаларни юклаши табиий. Юрт равнақи йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик, азизлар.

                                                Дилрабо ЧОРИЕВА,

                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+