Мамлакатларнинг иқтисодий юксалиши, тараққиёти, фаровонлиги йўлида янги қадамлар ташланди

19.09.2022 11:09:23

Бугун саммит ўз ишини якунлади. Ҳақиқатдан ҳам «Самарқанд руҳи» саммитга ўзгача кайфият бахш этганлигини, олий мартабали меҳмонларнинг оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилаётган фикрларидан ҳам англаш мумкин. Айниқса, қадимий, янада «ёшариб бораётган» Самарқанд шаҳридаги «Боқий шаҳар» мажмуаси билан танишаётган саммит иштирокчиларини ижтимоий тармоқлар орқали кузатар эканман, беихтиёр кўксим ғурурга тўлди. Неча минг йиллар давомида миллатлараро мулоқот, ўзаро маданий ва маънавий ҳамкорлик, савдо ва илмий алмашинувлар маркази сифатидан донг таратган азим кент бугун бутун ер юзининг ярмидан кўпроқ аҳолисини қамраб олган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити иштирокчиларини қутлаётгандек янада тароват сочиб турарди.

Албатта анжуманда барча соҳаларда самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, пировардида иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, инсонларни бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашларига эришиш йўлида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Иқлим ўзгариши, экологик муаммолардан тортиб, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризм, маданий - гуманитар алоқаларни ривожлантириш борасида амалий келишувларга эришилди.

Саммит доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг гографик кенгайиши масаласининг ҳам муҳокама этилиши, ташкилотнинг шу пайтга қадар амалга ошиб келаётган лойиҳалари, амалий ишлари орқали ташкилотнинг нуфузи, салоҳияти ортиб бораётгани, жаҳон мамлакатлари ишончига кириб бораётганидан далолат беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз раҳбари саммитда давомидаги нутқида ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатликни йўлга қўйилмаганли ҳақида тўхталиб, ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли, экологик тоза ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, «яшил» ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги борасида ўз таклифларини бериб ўтди.

Албатта тан олиб айтишимиз лозимки дунёда кун сайин озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши кучаймоқда. Яна бир томондан экологик муаммолар озиқ овқат хавфсизлигига чанг сола, бир томонда ерларнинг шўрланиши, турли касаллик ва зараркунандаларнинг таъсири ҳам ортиб бормоқда. Ана шундай шароитда узоқни кўра оладиган йўлбошловчи Шавкат Мирзиёевнинг ўртага ташлаган бу таклифлари жуда ўринли деб ҳисоблайман. Ушбу муаммони ечим топиши нафақат мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлиги билан ишончли таъминланишига, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланилмай ётган имкониятларни ишга солинишига кенг йўл очиши шубҳасиз.

Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада жонлантириш ушбу халқлар ўртасида ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини шакллантириш билан бир қаторда, мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш тўйғуларини шаклланишига хизмат қилади. ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш халқларимизнинг янада бир - бирига яқинлашишига, жипслашишига кўмаклашади. Бинобарин, саммит доирасида қабул қилинган барча ҳужжатлар ушбу ташкилотга аъзо бўлган ҳамфикр, маслакдош мамлакатларнинг иқтисодий юксалиши, тараққиёти, фаровонлиги йўлида хизмат қилиши шубҳасиз.

Лола Сайидова,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+