Маънавиятга эътибор – келажакка эътибор

30.03.2021 20:03:26

Инсоннинг бошқа мавжудотлардан фарқи шуки, у фикрлаш қобилиятига эга. Ҳар бир воқеа-ҳодисага тафаккур нуқтаи назаридан баҳо беради, нафақат ўзининг, балки бутун жамиятнинг манфаатларини ҳисобга олади. Асрий қадриятлар, улуғ алломаларнинг илмий ва ижодий мероси ҳақида гап кетганда ҳам биз уларга айнан маънавий жиҳатдан ёндошамиз. Одоб-ахлоқдаги юксак  фазилатлар, теран дунёқараш  ҳам шу туфайли юзага келади. Демак, бу масала ҳамиша диққат марказида бўлганлиги бежиз эмас.

Президентимизнинг яқинда эълон қалинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари фикримиз далилидир. Мазкур ҳужжатларда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга доир қатор муҳим вазифалар белгиланган. Оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик вакиллари ўз мулоҳазаларини билдириб, ушбу қарорларни маъқулламоқдалар.

Биз, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ходимлари ҳам давлатимиз раҳбари имзолаган ҳужжатларни атрофлича ўрганмоқдамиз. Ўзаро суҳбатда мен ҳам муносабат билдирдим. Фикримча, маънавий тарбияни йўлга қўйишда, унинг самарадорлигини ва таъсирчанлигини таъминлашда адабиётнинг аҳамияти жуда тўғри эътироф этилган. Шу ўринда беихтиёр Президентимизнинг қуйидаги сўзлари ёдимга тушди: “Адабиёт – халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”. Мана энди, ана шундай эзгу ниятлар амалга ошадиган давр келди.

Белгиланган вазифалар орасида халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъанаю қадриятлари куйланган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз, замонавий адабиётимиз намуналари хорижий тилларга тизимли таржима қилиш ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этиш олдинги ўринларга қўйилганлиги  эътиборлидир. Халқимизнинг бой  миллий мероси, улуғ аждодларимизнинг инсоният тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини бутун дунёга таништириш чора-тадбирлари кўрилади. Шу мақсадда  мамлакат ва халқаро миқёсда илмий-маърифий тадбирлар, адабий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, халқ сайиллари, адабий-мусиқий кечалар ташкил этилади.

Президентимизнинг "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан  умумтаълим муассасаларида иш олиб борадиган  ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун маблағ ажратиладиган бўлди.  Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиши ҳам айни муддао. Буларнинг ҳаммаси ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашади. Ҳар хил викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур йўналишдаги фаолиятга жалб этилганлар орасида “Адолат” СДП вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар ёш авлоднинг маънавий-тарбиясини йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшишлари, шубҳасиз.

Исроил ЖЎРАЕВ,    Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+