Мақола сайтда эълон қилинганидан 3 кун ўтиб Кармана туман ҳокимлиги муаммо ечимига киришди

26.08.2021 12:08:40

Яқинда Ўзбекистон “Адолат”  СДП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида партия фаоллари ҳамда депутатлари томонидан аҳолининг кескин норозиликларига сабаб бўлиб келаётган масалалар ўрганилиб, партия расмий сайтида “Аҳоли муаммоларига масъулиятсизлик - ижтимоий тармоқларда акс садо бермоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, энг шов-шувли хабарлар ва уларнинг ечимлари ўрганилди. Жумладан, Навоий вилояти Кармана тумани “Талқоқ” МФЙ ҳудудидаги 4-Б сонли кўп қаватли уйни қурган қурувчи ташкилот “Шарқ қурилиш сервис” МЧЖ томонидан уйни аҳолига бир қанча жиддий камчиликларни бартараф этмасдан сотиб юборган. Фуқароларнинг қурилиш ташкилоти раҳбариятига бир неча бор муржаатлари эса самарасиз якунланавергач, додини кимга айтишни билмаган хонадон эгалари ижтимоий тармоқларда бир нечта чиқишлар қилган.

Хусусан, ўтган 2020 йилда “Қурилганига бир йил ҳам бўлмаган янги уйнинг пойдевори чўка бошлади...” ва “Қурилиш ташкилоти карантин чекловларини баҳона қилиб 3 ойдан буён камчиликларни бартараф этмаяпти” сарлавҳали мақолалар эълон қилинган.

Шундан сўнг, Кармана туман ҳокими Ф.Умаров ва соҳага тегишли мутасаддилар иштирокида шу йилнинг 4 сентябрь куни мазкур кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, қурилиш ташкилотига 10 кун муддатда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш вазифаси юклатилган. Ундан олдин туман прокуратураси топшириғига асосан кўп қаватли уй ва унинг атрофида бир мунча ишлар амалга оширилган. Бироқ, тўлиқ бартараф этилмаган.

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан фуқаролар такроран жорий йилнинг 18 июнь куни Кармана туман ҳокими Ф.Умаров номига шикоят хати ёзишган. Бироқ, туман ҳокимлиги томонидан фуқароларга йўлланган жавоб хатида муаммо туман ҳокимлиги фуқаролар мурожаатига ўта юзаки ёндошиб, кўтарилган муаммони бартараф этиш юзасидан ҳеч қандай амалий чоралар кўрмаганлиги ёритилган эди.

Мақола сайтда эълон қилингач, орадан 3 кун ўтиб туман ҳокимлиги ташаббуси билан кўп қаватли уйнинг орқа томонида мавжуд қаровсиз бўш турган ер майдонида ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, уйнинг ён қисмидан пиёдаларнинг катта йўлга боғловчи пиёдалар йўлакчаси қурилди. Замонавий болалар спорт майдончаси ҳамда болалар ўйин майдончалари қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Бундай ўзгаришлардан фуқаролар айниқса, болажонлар хурсандчилигининг чеки йўқ.

Шунга қарамасдан, мақолада кўтарилган қурилиш ташкилоти томонидан бажарилиши шарт бўлган муаммолар қолиб кетмоқда.

Хусусан, қурилиш ташкилоти уйнинг лойиҳа сметасида бинонинг олд қисмида қурилиши режалаштирилган корхона умуман қурулмасдан қолмоқда, йўлакларнинг ички қисми деворларининг бўёқлари кўчиб тушган, кўкаламзорлаштириш учун мўлжалланган ер майдонини суғориш шароитлари яратилмаган. Кўп қаватли уй учун мўлжалланган алоҳида трансформатор ўрнатилмаганлиги каби масалалар ҳанузгача бартараф этилмасдан қолмоқда.

Соҳага алоқадор мутасаддилардан эса юзлаб аҳолини норозиликларига сабаб бўлаётган юқоридаги муаммоларни бартараф этишда жонбозлик кўрсатишларини кутиб қоламиз.

 Ўзбекистон “Адолат”  СДП “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” шиори остидаги сайловолди дастуридан келиб чиқиб, воқеаларни кузатишда давом этади.

 

Ўзбекистон “Адолат”  СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+