Мақсадимиз - бемор болажонлар тезроқ соғайсин

03.06.2021 12:06:33

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этган  хайрли ташаббуси эзгу мақсадга қаратилгани билан юртдошларимиз кўнглидан жой олди, қизиқишларига сабаб бўлди.
“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги  вилоят Қон қуйиш марказида ўтказилган беғараз донорлик акциясида эрталабдан ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг кўнглида мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин, кўзлари ёшланмасин, умрлари узоқ бўлсин, Ватанимиз корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етишсин, деган эзгу туйғу жўш урди.

Бобоқул Худойқулов, Сурхондарё вилоят Қон қуйиш маркази бош шифокори:

— Албатта, қон касалликларини даволашда, уларга замонавий кимёвий терапияларни ўтказилиши натижасида беморларга кўплаб қон ва қон маҳсулотларига зарурат сезилади, партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай хайрли тадбирнинг анъанавий тарзда давом этиши бизни беҳад қувонтиради. Айниқса, беморга қон қуйиш ҳаёт-мамот масаласига айланган ҳолатларда бу бебаҳо малҳам шифохонада зарур миқдорда мавжуд бўлишининг аҳамиятини биз, шифокорлар янада чуқурроқ ҳис этамиз. Чунки қон дорихоналардан сотиб олинадиган дори-дармонлар сирасига кирмайди. Бу — фақат савобталаб инсонларнинг ҳиммати, меҳр-шафқати туфайли беморларга бериладиган ҳаёт малҳами саналади.

Вилоят қон қуйиш марказида ўтказилган акция иштирокчилари қон топширганлиги тўғрисидаги маълумотларни кўп тармоқли вилоят болалар тиббиёт марказининг гематология бўлимида даволанаётган бемор болажонларнинг оналарига самимий кўмак сифатида тақдим этишди.

Асилбек Гиясов, партия Термиз шаҳар Кенгаши раиси:

- Халқимизда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғулари ҳамиша қадрланган. Айниқса, ўзбек халқи бемор ҳолидан хабар олиш, уларга кўмак кўрсатишни инсонийлик бурчи деб билади. Агар бемор кўзимизнинг оқу қораси бўлган фарзандларимиз бўлса, бу масъулият янада кучаяди. Юртимизнинг барча ҳудудидаги болалар кўп тармоқли шифохоналарида даволанаётган болажонларнинг соғайиб, оёққа туриб кетиши учун дори-дармонлар билан бир қаторда қон ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Кўнгилли инсоннинг болалар учун топширган қони бемор дардига шифо бўлиб, унинг ҳаётга бўлган ишончини оширади. Шу боис партиямиз болажонларимиз саломатлигини мустаҳкамлашдек хайрли ишга қўл уриш мақсадида донорлик акциясини ташкил этди. Ўйлаймизки, партиямиз ташаббусини халқимиз, хайрихоҳларимиз қўллаб-қувватлашди, акция уларда яхши таассурот қолдирди. Буни ушбу акцияда  юртдошларимиз беғараз донорлик қилганидан ҳам англаш қийин эмас.

Дарҳақиқат, ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги лозим. Партия томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган мақсад ҳам бемор болажонлар тезроқ соғайиб, тенгдошлари каби ҳаёт қувончларидан баҳра олиб юришсин, деган эзгу мақсад мужассам.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+