«Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида

08.07.2019 14:07:09
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
 
қ а р о р и

 

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва юқори салоҳиятга эга, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонларимизни муносиб рағбатлантириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги ПФ–5106-сон Фармони ва 2017 йил 21 ноябрдаги «Мард ўғлон» давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3402-сон қарорига асосан:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг иқтидорли йигитларини фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифлари иловадаги рўйхатга мувофиқ маъқуллансин.

2. «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланганларга «Ёшлар куни» арафасида ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Мард ўғлон» давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳибларининг ибратли фаолияти, уларнинг ноёб истеъдоди ва эришган ютуқларини кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси К.К.Куранбаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 28 июнь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+