Марғилон янада обод бўлади!

16.07.2024 09:07:24

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли ҳаёти, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида 11 июль куни вилоятимизга ташрифи, тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари билан юзма – юз мулоқоти барча фарғоналикларга янгича куч ва ғайрат бағишлади.

Айниқса, Марғилон шаҳрида биз нуронийлар билан бўлиб ўтган учрашув ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлди. Келгусида шаҳримизда амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида Марғилон шаҳрининг қиёфаси ўзгаришидан бошимиз кўкка етди.

Марғилонда ҳам аҳоли сони ошиб, тадбиркорлик ривожланиб бораётгани шаҳарнинг инфратузилмасини кенгайтиришни тақозо этмоқда. Сўнгги беш йилда Марғилонда 1 минг 164 та хонадонли 33 та уй қурилди, холос. Ҳозирнинг ўзида 5 мингта хонадонга талаб мавжуд. Президентимизнинг ташрифидан сўнг келгусида шаҳарда 30 минг хонадонли «Янги Ўзбекистон» массиви, савдо комплекси ва бизнес маркази, 2 та мактаб, 6 та боғча ва 2 та клиника қурилади.

Бундан ташқари, 20 гектар ҳудудга Бурҳониддин Марғилоний боғи кўчирилади, яна 50 гектарда саноат зонаси ташкил қилинади.

Марғилонга ҳар йили 250 минг маҳаллий ва 75 минг хорижий туристлар келмоқда. Бу кўрсаткичларни янада ошириш учун меҳмонхона ва хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш зарур.

Шу боис, Марғилонда 5 та меҳмонхона, «Шоирлар ва санъаткорлар хиёбони», Мақом театри, 50 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Шунингдек, Пичоқчи маҳалласидан жой ажратилса, маҳаллий тадбиркорлар 240 ўринли замонавий 2 та меҳмонхона қуриш ва ҳудудни туризм масканига айлантириш таклифини берган.

Шу билан бирга, аҳоли турмуш тарзи тобора яхшиланиб, миллий қадриятларимиз ҳам ривожланмоқда. Айниқса, Президентимиз имзолаган қатор дастуруламал ҳужжатлар тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчилигимизнинг янада ривожланишида муҳим омил бўлмоқда. Илгари ҳунармандларимиз тарқоқ жойларда ишларини амалга ошириш, қийинчиликлар билан хомашёларини олиб келиб, сўнгра уни сотиш йўлларини излаб, сарсон бўлиш каби муаммоларга дуч келардилар.

Марғилон ҳокимлигига айтилган имкониятлар ҳисобига жорий йилда туманга 300 миллион доллар инвестиция жалб этиш ва 50 минг янги иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрликлари туфайли эндиликда бу каби муаммоларга барҳам берилди. Кўплаб ишлаб чиқариш ўринлари ҳамда устоз-шогирд мактабларининг яратилиши натижасида халқимизнинг фаровонлиги янада юксалиб бормоқда.

Президентимиз шу ишлар бошида туриб, ҳунармандларимизга, тадбиркорларимизга ўз ёрдамларини аямаяптилар. Бугун Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифи ҳам шаҳар аҳлига катта қувонч бағишламоқда. Зеро, Давлатимиз раҳбарининг эътибори сабаб, бутун Ўзбекистон халқи қатори, марғилонликлар ҳам Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш эпкинларидан баҳраманд бўлмоқдалар.

Ана шундай эзгу ишлар бардавом бўлишида барчамиз қўлни-қўлга бериб, бирдамликда ҳаракат қиламиз!

Наримон Шодиев
Ўзбекистон «Адолат» СДП фахрийси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+