Марғилонда “Адолат”нинг тарғибот тадбири

10.09.2021 11:09:15

2-Марғилон Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгашининг «Мен – 30 ёшдаман”  шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон  Республикаси мустақиллигининг  30 йиллиги  муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, техникум ўқувчи ёшлари қатнашдилар. Партия байроқлари ҳилпиради. “Адолат”нинг мақсад, ғоя ва ташаббусларига хайрихоҳ аҳоли вакиллари  кўтаринки кайфиятда фаолликларини намоён этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Манзура Салимова иштирок этиб, барчани янги ўқув йили билан муборакбод этди.

-Жорий йилда мамлакатимиз учун муҳим сиёсий воқеа Президент сайлови ўзгача руҳда, янги сайлов Кодекси асосида ўтказилмоқда, – дейди сенатор. – Мазкур жараёнда барча сиёсий партиялар ўзларининг сайловолди дастурлари билан имкониятлар тенглиги, очиқлик, шаффофлик, адолатлилик тамойиллари асосида курашадилар. Бу ўринда сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш, имконияти чекланган фуқароларга  шароитлар яратиб бериш ва уларнинг жамиятдаги тўлақонли иштирокини таъминлаш муҳим ўрин тутмоқда.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш,  мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар билан таништириш,  сиёсий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида викторина ўйинлари ўтказилди. Саволларга тўғри ва аниқ жавоб берган қатнашчиларга  партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 Санъаткорларнинг дилтортар наволари даврага файз киритди.  Қалбларида байрам шукуҳи, мустақиллик шукронаси жўш уриб турган юртдошларимиз рақслари ва ижодий чиқишлари билан барчага янада кўтаринки кайфият бағишладилар. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят  Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+