Маърифатга интилиш–юксак маънавиятга эришмоққа пойдевордир!

24.07.2024 12:07:21

Мамлакатимизда «Жаҳолатга қарши – маърифат» деган эзгу ғоясини илгари суриш ва бу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олийжаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қоровулбозор туман Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қоровулбозор бўлинмаси билан ҳамкорликда туман мусиқа мактабида «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида «Маърифатга интилиш–юксак маънавиятга эришмоққа пойдевордир» мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қоровулбозор туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутати Н.Эшмуродов, халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутати М.Бобоназарова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қоровулбозор бўлинмаси раҳбари ҳамда туман маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз юритганлар глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш, диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганлиги тўғрисида фикр билдирдилар.

-Биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашар эканмиз, маърифатимизни юксалтиришимиз учун кўплаб китоблар ўқишимиз, дунёвий ва етарли даражада диний билимларга эга бўлишимиз лозим. Чунки бундай шахслар қалбида зулмга ўрин бўлмайди. Диннинг мақсадини билган, уни тушунган инсон ҳеч қачон қалбида бировга қарши ёмон ният амал бу ёқда турсин, ёмон ўйлар, ёмон сўзлар ҳам ҳеч қачон ўйламайди. Зулм, қаҳр ва адоват бўлмаган жойда эса жаҳолат уруғлари зинҳор ва зинҳор унмайди. Гўёки уруғ тупроқ ва сувсиз униб чиқа олмас экан жаҳолат ҳам худди шундай, зулм ва адоватсиз, қаҳрсиз қуруқ тошга айланади. Шундай экан бундай тошларга асло сув ва тупроқ, ҳаво бериб уни қаҳр уруғига айлантирмаслигимиз лозим. Бутун дунёнинг тираги, миллатлар келажаги бўлган ёшлари бирлашсагина, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиб, маърифат байроғини баланд кўтаришга қодир бўлади, — деди «Адолат» СДП Қоровулбозор туман Кенгаши раиси Н.Эшмуродов.

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, биз бугун жаҳолат деган балога иқтисодиёт соҳасида ҳам, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият тизимида ҳам, қўйинг-ки, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дуч келяпмиз ва бу иллат қўл-оёғимизда бамисоли кишан бўлиб турибди. Бу кишандан ҳоли бўлмасдан туриб, тараққиёт ва ривожланиш ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмас.

Моҳигул Раҳимқулова,
«Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+