“Марказ”даги доғлар

12.04.2021 12:04:04

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси ҳудудларни ободонлаштириш, тозалик ва экологиянинг бузилишини олдини олишга қаратилган. Айни шу йўналишда партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатларининг жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатгани бежиз эмас.

Олтинкўл туманидаги ўрганиш “адолатчилар”ни ташвишга солди. Тўғри, туманга олиб борувчи катта магистраль йўл ва асосий кўчаларга эътибор қаратилган. Маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетиляпти, тозалов ишлари ҳам жойида. Бироқ ичкарига кирсангиз  бутунлай  бошқа манзарани кузатасиз.

Ўз номи билан туман марказидаги “Марказ” МФЙни ичкари деб айтиб  бўлмайди. Шундай туман ҳокимлигининг атрофида жойлашган. Бироқ қаровсизлик, ахлат уюмлари дилингизни хира қилади. М.Алиев кўчасидаги туман маданият ва истирохат боғига маиший чиқиндиларни босиб киришга тўғри келади. Остонаси бегона ўтлар билан “безанган”, дарвозаси таъмирталаб. Ҳатто пештоҳига  қандай маскан эканлиги ҳам ёзилмаган.

Боғдаги яна бир ачинарли манзара уюлган маиший чиқиндилар каналга тушиб, тоза сувни булғамоқда. Шу сабаб бўлса керак дам олувчиларнинг ҳам қадами узилган.

Янги ҳаёт кўчасида яшовчиларнинг додини тинглайдиган одам йўқ. Аҳоли хонадонлари ва кўп қаватли уйлар канал ёқасида жойлашган. Бир қарашда хўп баҳаво бўлса керак, дейсиз. Аксинча,  канал ёқасидаги  чиқиндилар дилингизни хира қилади.  Ачинарлиси, кўпайган сайин сувга сурилиб тушади.

Сарварой Раҳимова, маҳалла фуқароси:

-Шу ҳудудда яшайман. Канал бўйида доимий ахлатхона. Ёз кунлари ҳидига чидаш қийин. Бу саломатлигимизга ҳам салбий таъсир қилади. Шу масалада туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдик. Бироқ ҳолат ўша-ўша. Ёнгинамизда раҳбарларнинг хизмат уйлари жойлашган. Бу жойда яшовчилар ҳам яширинча чиқиндиларини ташлаб кетади.

Бунисига нима дейсиз? Тўғри, ташқаридан биров келиб бу ишни қилмайди. Фуқароларни ҳам тўла ёқламаймиз. Чунки асосий сабабчи уларнинг ўзлари. Бироқ масъуллар қаерга қарамоқда? МФЙ фаоллари, “Тоза ҳудуд” ДУК ва Ободонлаштириш бошқармасидагилар наҳот тамошабин бўлса?..

Каримжон Раҳмонов, МФЙ раиси:

-Иш бошлаганимга кўп бўлмади. Бу ҳолатдан ҳабардорман. Бироқ тузатиш қўлимдан келмаяпти. Туман ҳокимлигига бир неча бор айтдим...

Биргина айтиш билан иш битмайди. Фуқаролар катта ишонч билан ўз етакчиларини сайласаю унда ташаббус бўлмаса. Давлатимиз раҳбарининг шу каби оғир ҳудудларга ташрифи, маҳалла етакчилари олдига қўяётган талаблари наҳот Олтинкўлга етиб бормаётган бўлса.

Айтаверсак гап кўп, “Марказ”нинг доғлари ҳам. Балки бу борада масъуллар ўз жавобини берар. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Қосимжон ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+