Марказий Осиёнинг тинчлиги ва фаровонлиги ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ

22.07.2022 21:07:06

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади.

Бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқда. Бу йўлда кўплаб тўсиқлар олиб ташланди, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашинуви учун шароитлар яратилди.

«Бугун қайта-қайта таъкидланганидек, ушбу форматда йўлга қўйилган мулоқот туфайли биз дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлдик, — деди президент ўз нутқи аввалида.

Давлатимиз раҳбари маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, умумий тарихимизни чуқур ўрганиш бўйича қўшма ишларни кучайтиришни таклиф қилди.

Шунингдек, у минтақа мамлакатларида Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалини навбатма-навбат ўтказишни таклиф қилди.

«Туризм соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Махсус туристик маршрутлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқиш, ягона пиар-кампаниялар ўтказиш орқали минтақалараро туризмни фаол рағбатлантиришимиз керак. Шу мақсадда ўзаро сайёҳлик оқимини кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш бўйича қўшма экспертлар гуруҳини ташкил этишни таклиф қиламиз», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

«Шу йилнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали натижаларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Биз ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшаш, кучли интеллектуал салоҳиятга эга эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Биз уларнинг илғор ташаббуслари, ижодий ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишимиз керак», — деган президент навбатдаги саммитга Ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги кўп томонлама келишувни тайёрлашни таклиф қилди.

Халқимиз фаровонлиги, тинч ва осойишта яшаши учун қўшни давлатлар билан мустаҳкам дўстлик алоқаларини ўрнатиш энг муҳим кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифаларимиздан биридир.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё тинчлиги ва барқарор ривожланиши йўлида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган мустаҳкам ҳужжатлар тўплами, шубҳасиз, саммитнинг асосий натижасидир.

Дилрабо Чориева,

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+