Мажбурий меҳнатга қачон барҳам берамиз?

25.05.2021 10:05:03

Президентимиз томонидан ижтимоий соҳада фаолият олиб бораётган ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этмаслик тўғрисида мутасаддиларга тегишли топшириқлар бериб борилаяпти. Қолаверса, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, зарур янги қонунлар қабул қилинган. Шунга қарамасдан, Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан саломатлик посбонларини ишдан сўнг мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари кузатиляпти. Худди шу мавзудаги хабар ижтимоий тармоқларда ёритилганлиги сабабли кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.

Мустақил давлатимизда қабул қилинган қонунларни менсимасдан ўзи эгаллаб турган мансаб курсисидан фойдаланиб, қўл остидаги ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этаётган Тиббиёт бирлашмаси масъуллари ўртасида биз тегишли тартибда тушунтириш ишларини олиб бордик. Ўрганишларда аниқландики, ҳақиқатдан ҳам Шаҳрисабз тиббиёт бирлашмаси ишчи ходимлари касалхона ҳовлисидаги ер майдонида ўстирилаётган гуллар орасидаги бегона ўтларни тозалаш, ҳудудни ободонлаштиришга мажбурий тарзда жалб этилганлиги аниқланди.

Мажбурий меҳнат – ўз номи билан мажбурий. Бундай юмушни кўтаринки кайфият ёки фидойилик билан амалга ошириш иложсиз. Ҳар ким ўзи севиб бажарган меҳнати билан жамиятда наф келтира олади.

Бундай ҳолатга йўл қўйган шаҳар тиббиёт бирлашмаси хўжалик ишлари мудири ўз вазифасига кирмайдиган ходимларни мажбурий меҳнатга жалб этганлиги учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 12 миллион 250 минг сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилди.

Ўзи шундоқ ҳам тиббиёт ходимлари аҳоли сонига нисбатан камчиликни ташкил қилади. Яна нега улардан ўз касбий қобилиятлардан фойдаланиш ўрнига қора иш буюрилмоқда? Тиббиётчи ўт юлганидан кўра маҳаллаларга патронаж ташрифларни кўпроқ уюштирса бўлмайдими? Тиббиёт бирлашмаси штатлар жадвалини кўриб чиқиб, ободонлаштириш ишларига масъул боғбон ходимни ишга олса, ҳар ким ўз вазифасини бажарган бўларди. Ана шунда фаолиятда унум ва самара бўлади.

Биз партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда масъуллар иштирокида шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлиб, ходимларни бундан буён ноқонуний равишда мажбурий меҳнатга жалб этмаслик лозимлиги юзасидан тегишли тушунтиришлар олиб бордик.

Бу шунчаки мажбурий меҳнат эмас, тиббиёт ходимини обрўсизлантириш ҳамдир. Шифокор ва ҳамширалар меҳнати нақадар бебаҳолигини пандемик шароит яққол кўрсатиб турибди-ку. “Адолат” СДП электоратининг асосий қисми тиббиётчилардан иборат партия сифатида уларнинг обрўси ва мақоми учун курашади. Тиббиёт ходимларидан ўз функционал мажбуриятлари доирасида фойдаланиш тарафдоримиз.

 

Самандар ИХТИЁРОВ,

Қашқадарё вилояти

Кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+