Меҳнат кодексининг янги таҳририда ходимларга берилган қўшимча имтиёзлар

09.11.2022 15:11:43

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда Меҳнат кодексининг янги таҳрири имзоланиб, 2023 йил 28 апрелдан бошлаб кучга кириши, шу муносабат билан 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси ҳам 2023 йил 28 апрелдан бошлаб ўз кучини йўқотиши белгиланган.

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жамиятимизнинг ривожланиши, замонавий тенденциялари ва меҳнат соҳасида вужудга келаётган муносабатларга ҳам янги талаблар қўймоқда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси эскисидан ҳажм (эски Меҳнат кодексида 2 та қисм (умумий ва махсус), 15 та боб ва 294 та модда, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси эса 2 қисм, 7 бўлим, 34 та боб ва 581 моддадан иборат) ва норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган муносабатлар янги Кодексда ўрин олганлиги билан кескин фарқ қилади.

Меҳнат низолари - бу иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини қўллаш юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлардир.

Кодексга кўра, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланди:

яъни меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги;

Жумладан, меҳнат эркинлиги ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш, уларни қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай шаклда амалга ошириш, машғулот турини, касб ва мутахассисликни, иш жойини ҳамда меҳнат шароитларини эркин танлаш ҳуқуқини англатади.

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди.

Бунда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига, 14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она, шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактаблари ва коллежлари ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар, «Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилар ва ҳокоза бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар киради.

Бундан ташқари, Янги Меҳнат кодексига кўра, йиллик асосий таътил муддати 21 календарь кун қилиб белгиланмоқда.

Йиллик асосий меҳнат таътилининг энг кам миқдори 21 календарь кунни ташкил этади.

Амалдаги тартибга кўра 15 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги 27 календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.

Ходимларга битта ташкилотда ишлаган ҳар 5 йил 2 календарь кун бироқ, жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Шунингдек мазкур кодексга кўра, ходимларга иш ҳақи қисман сақланадиган қўшимча таътиллар берилиши мумкин.

Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнатга оид бошқа ҳужжатларда, улар бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти шунингдек, бундай таътил берилиши мажбурий бўлган ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.

Иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала тарафларнинг келишувига кўра ҳал этилади.

Иш ҳақи қисман сақланадиган таътилларда иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Ўз навбатида кейинги вақтларда фуқаролик низоларида меҳнат муносабатларига оид ишлар бир мунча кўпаётганлиги, айрим меҳнат низолари эса жамоатчилик эътиборига тушаётганлиги, аксарият ҳолларда эса иш берувчилар томонидан йўл қўйилаётган қонунбузарлик ҳолатлари судлар томонидан аниқланиб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланаётганлиги ҳам судларнинг имижини ошиши билан бирга келгусида бу каби мурожаатларни янада кўпайишидан далолат беради.

Бу эса судьяларнинг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси талабларини ўзлаштириши ва мукаммал ўрганиши, уни амалиётга татбиқ этиш учун муайян суд амалиётини шакллантириш учун кўникма бўлиши талаб этилади.

Гулнафис ХУДАЙБEРДИЕВА,

Навоий вилоят суди судьяси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+