Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси. Бу қандай ҳужжат?

27.10.2019 12:10:40

Давлат ва жамиятнинг фаол аъзоси, ҳар куни ҳаракатдаги шахснинг бирор ери оғриб, тоби қочиб қолса, кўзига ҳеч нарса кўринмай қолади. Уй юмушларини бажаролмаслиги қаторида ишга қатнаб, ўзига юклатилган вазифаларни уддалашга қодир бўлмайди. Лекин дард ўткинчи, эртами индин, даволашларни ўрнида олиб борса, кўрмагандек бўлиб кетади ва яна аввалгидек фаол турмуш тарзи қаторида ишига ҳам қайтиши мумкин. Шу сабабдан бетоблиги юзасидан ишга чиқмаган ходим меҳнат интизомини бузган ҳисобланмайди ва унга ташкилот томонидан бирор чора кўрилмайди. Фақат меҳнатга лаёқатсизлигини шифокор билан биргаликда расмийлаштириб, керакли ҳужжатни тақдим этса бас. Бу ишли ходимнинг ўз соғлигига эътиборли бўлиши, уй шароитида ўз билганича даволанмай, шифокор кўригига боришини ҳам таъминлайди.

         Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома Меҳнат Кодекси ҳамда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда меҳнатга лаёқатсизлик варқаси олиш мумкин бўлган бир қатор ҳолатлар санаб ўтилади. Улардан бири ходимнинг касаллиги ва шикастлангани юзасидан маълум вақт ишга чиқолмаслиги сабабидир.

Шифокор томонидан аниқланади

Ишлайдиган одам соғлигидаги муаммо юзасидан шифокорга мурожаат қилса ва шифокор беморни кўздан кечириб, бир неча кун ишга бормасликни тавсия этса, шу санадан эътиборан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тузилади. Ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади. Текширув учун кетган кун ҳам меҳнатга лаёқатсиз вақт ҳисобланади. Бордию бемор тунги вақтда тиббий пунктдаги фельдшерга мурожаат қилса, унга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

Неча кун ишга чиқмаслик мумкин?

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик беш календарь кунидан ошганда ҳужжатнинг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ёки ўқишдан бўш вақтда ишлаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.

Ишлайдиган ногиронларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси касаллик узлуксиз кечганда икки ойгача, танаффус билан кечганда ўн икки ой мобайнида жами уч ойгача бўлган муддатга берилади.

Дам олаётган ходим ҳам меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади

Ходим айни пайтда касал бўлмасада, умумий саломатлигини яхшилаш мақсадида санаторий-курортда даволаниши мумкин. Бунда ҳам у вақтинча ишдан озод бўлиш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси олишга ҳақли. Фақат ушбу ҳужжат пансионат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно) тиббий ходимлари эмас, поликлиниканинг оилавий шифокори томонидан берилади. Агар у даволаш-профилактика муассасаларида даволанган бўлса, ўша ернинг даволовчи шифокорлари берадилар.

Бетоб оила аъзосининг парвариши учун

Ишлайдиган шахс ўзи касал бўлишидан ташқари оиланинг бетоб аъзоси ёки қариндошини парваришлашга тўғри келганида ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Яқин қариндошини парваришлаб, ишдан маълум вақт озод бўлиш учун у одам билан бирга яшаш шарт эмас.

Агар бемор 14 ёшдан катта бўлса ва амбулатория шароитида даволанса, етти календар кунигача бўлган муддатда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилиши мумкин. Бола 14 ёшга етмаган бўлса, 14 календар кунигача ишдан озод этилади. Кичик ёшдаги болаларнинг бир нечтаси бир вақтда ёки кетма кет касал бўлиб қолса, уларнинг онаси (ёки она ўрнини босувчи шахс)га ҳар бири учун алоҳида ишга чиқмаслик имконияти берилади. Уч ёшга тўлмаган болани стационар даволашга тўғри келса, унга қаровчига даволашнинг барча даври учун меҳнатга лаёқатсизлик белгиланади.

Меҳнатга лаёқатсизликнинг расман тугатилиши

Ушбу варақа паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида расмийлаштирилиб, тузатиш ва қисқартиришлардан холи бўлиши талаб этилади. Керакли бандлар тўлдирилгач, даволаш-профилактика муассасасининг икки марта босилган муҳри билан тасдиқланади.

Беморнинг аҳволи яхшиланиб, меҳнат қобилиятини тикласа, шифокор томонидан қайта кўрикдан ўтказилади. Шифокор ҳам беморнинг соғайганига ишонч хосил қилса, меҳнатга лаёқатсизлик тугаган санани ёзиб, ҳужжатни иш жойига топшириш учун беради. Стационар даволанган беморларга бундай ҳужжат шифохонадан чиқиш пайти берилади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш бепул

Бланкаларни тайёрлашга сарфланадиган харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Нафақа тўланади

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси серия ва рақамга эга бўлиб, унга варақанинг нечанчи марта берилаётгани ва берилган сана, беморнинг исм-шарифи, туғилган йили, иш жойи, дастлабки ва якуний ташхислар, шифокорнинг исм-шарифи ёзилади. Шундан сўнг ишдан озод этилган кунлар ва ишга тушадиган сана қайд этилади. Варақанинг орқа бети ходимнинг иш жойида кадрлар бўлими ва бухгалтерия, зарур бўлганида ижтимоий суғурта вакили томонидан тўлдирилади. Унда узлуксиз иш стажи ва иш ҳақи тўғрисида маълумотлар ўрин олган бўлиб, ходимга меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун иш ҳақининг маълум фоизи миқдорида нафақа тўланади.

Бемор ходимнинг меҳнати фидойилик ҳисобланмайди

Баъзилар касал бўлишига қармай ишга қатнашни қўймайди. Ишхонадаги вазифалар ҳақида қайғуради-ю, саломатлиги ҳақида ўйлашни унутиб қўяди. Аслида бу фидойилик эмас. Касбини севувчи инсон фақат соғлом вужуд билангина ақлий ва жисмоний меҳнат унумдорлигига эришиш мумкинлигини англайди. Зеро, ҳар қандай касаллик иш сифатига таъсир кўрсатмай қолмайди, ланжлик, уйқучанлик билан бажарилган 10 кунлик ишдан кўра 3 кун уйида маромига етказиб даволаниб, қолган кунларда етарли куч билан меҳнат қилган афзал. Агар ходим турли юқумли касалликлардан бирига чалинган бўлса, ўз вақтида даволанмай ишга чиққани сабаб бошқа ходимларга ҳам дахл кўрсатади. Ушбу омилларни тушунган раҳбар соғлиги ёмонлашган ходим учун керакли шароитни яратиб беради, меҳнатга лаёқатсизликни баҳона, деб қабул қилмайди.

Д.АЛИМОВА тайёрлади

Улашинг!

Билдирилган фикрлар

Ахмедов Шарофаддин Атабаевич
2020-10-15 10:25:46
Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тўлдиришда ходимнинг узлуксиз иш стажи кўрсатиладими ёки умумий иш стажи кўрсатиладими? Меҳнатга лаёқатсизлик варақасида узлуксиз иш стажи деб сўралган. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида НИЗОМда эса умумий иш стажи деб ёзилган.
Дилшод Юлдошев
2020-08-22 01:39:50
Ходим 46 йил стажига эга бўлсада бир иш жойидан иккинчисига ўтиб 40 кундан кейин касал бўлиб қолса. Иш стажи узлуксиз, барча дароматларидан солиқлар ва тўловлар тўлаб кегинган бўлса унга касаллик варақаси охирги 12 ой учун тўланадими ёки охирги иш жойидаги ойлигиданми? Шу саволга жавоб берсангиз.

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+