«Меҳр карвони» инсонийлик тимсоли

28.05.2024 15:05:24

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган беш муҳим ташаббуси таълим-тарбия тизимини замонавий талаблар асосида ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ёшларнинг ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён этишда, касб-ҳунар эгаллашларида, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари Нукус шаҳрида жойлашган алоҳида таълим олишга муҳтож бўлган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган 10-сонли мактаб интернатида бўлиб, муассасада беш ташаббус доирасида ўқувчи ёшларнинг пухта билим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Мазкур мактабда бугунги кунда 274 нафар ўқувчи ёшлар таълим-тарбия олиб, ўғил-қизларнинг ҳар бирининг ўз дунёқараши, қизиқиши бор. Уларнинг имконияти чекланган бўлишига қарамай, соғлом тенгдошлари сингари китобхонликка, санъатга, спортга ҳамда компьютер саводхонлигини қунт билан қизиқиб ўрганишга иштиёқи баланд. Хусусан, 2023 йилнинг 11-18 ноябрь кунлари Бухоро вилоятида 2009-2004 йиллар оралиғида туғилган, кўришда имконияти чекланган ёш ўсмирлар орасида спортнинг шахмат тури бўйича ташкил этилган Ўзбекистон чемпионатида мактабнинг 11-синф ўқувчилари С.Утаев ва С.Қалбаевлар фахрли ўринларни эгаллашди. Шу билан биргаликда 2023 йилнинг 9-16 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ёшлар орасида бўлиб ўтган спортнинг парадзюдо тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида 55-килограмм оғирликда мактаб-интернатининг 10-синф оқувчиси Сулаймонов Руслан 1-ўринни, 57-килограмм оғирликда 9-синф ўқувчиси Уразбаева Бибиназ 3–ўринни эгаллаб қайтишди.

Мактаб ўқувчилари нафақат спортда, балки билимда ҳам соғлом ўқувчи-ёшлардан қолишмайди. Бунга жорий йилнинг 24-27 март оралиғида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти, математика, тарих, рус тили ва адабиёти фанларидан ташкил этилган «Фан олимпиадаси»нинг Республика босқичида мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси Жумобоева Нодира математика фанидан фахрли 3-ўринни эгаллагани бунинг яққол далилидир.
Партия ходимлари тадбир давомида ўқувчи ёшларни ва мактаб жамоасини эришилган ютуқлар билан табриклаб, келгуси ишларга муваффақиятлар тилашди.
Тадбир якунида «Меҳр карвони» лойиҳаси доирасидаги акцияда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан 20 нафар 1-синф ўқувчиларига байрам совғалари топширилди.
Тадбир давомида, мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда мазкур даргоҳда турли маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини ўтказиш борасида келгуси режалар ҳақида келишиб олинди.

 

«Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+