Меҳр карвони йўлга чиқди

29.05.2024 13:05:28

Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партияси Фарғона вилоят Кенгашининг «Меҳр» карвони вилоят бўйлаб сафарга отланди.

"Адолат" СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, раис ўринбосари Орифжон Ўлмасовлар дастлаб Тошлоқ туманидаги обод маҳалла давлат дастури асосида янги қиёфа касб этган «Пиёзчилик» маҳалласидаги 39-мактабнинг уйда таҳсил олувчи ўқувчилари хонадонида бўлдилар.

«Муҳандис» кўчасининг 137 – хонадонида истиқомат қилувчи Муфаззалхон Иброҳимованинг маҳалладошлари энг иродали, илмга чанқоқ қиз сифатида ҳурмат қилишади. У хасталикни бардош билан енгиб, гарчи тенгдошлари қатори мактабда таълим ололмасада барча фанларни тўлиқ ўзлаштириб, 6 –синфни аъло баҳоларга тамомлашга муваффақ бўлди. Партия етакчиларини йўқлови қизалоққа олам-олам қувонч бағишлади.

-Мен ҳамиша кучли бўлишга ҳаракат қиламан, — дейди Муфаззалхон. Мазкур кўчанинг 83-хонадонида яшовчи Солиҳабону Мухторжонова ҳам уйда таълим олаётган иқтидорли ўқувчилардан бири. Байрам туҳфалари билан тақдим этилган ўнлаб эртак китоблари қизалоқни янада қувонтириб юборди.

Партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева маҳалладаги Фузулий кўчаси, 18 -хонадонда истиқомат қилувчи Озодбек Обиджоновни йўқлов жараёнида қилган самимий мулоқоти оила аҳли учун байрамона руҳ бағишлади. Гарчи барча тенгдошлари қатори фикрларини сўзлай олмасада, кўзларидаги ҳайрат ва миннатдорлик туйғулари йўқловчиларга ҳам кўчди.

«Меҳр» карвонининг яна бир манзили Бахмал кўчаси, 54-уй томон йўналди. Оиланинг қадрли фарзанди Муаззамхон Эркинбоева ҳам жорий ўқув йилида 6- синфни аъло баҳоларга тамомламоқда. Ҳаёт синовларига қарамай Муаззамхон ҳам халққа муносиб фарзанд бўлиш, яхши чевар бўлишни ният қилади.

- Бизни 39-умумий ўрта таълим мактабининг 5 нафар ўқувчилари турли хасталиклар туфайли тенгдошлари қатори таълим олиш имконияти чекланган. Аммо, ўқитувчиларимиз ҳар бир бола билан индивидуал шуғулланишади. Бу ўқувчиларимиз илмга чанқоқлиги билан бизни ҳайратлантиришади ҳам.

«Адолат» партияси айнан оилаларда таълим олаётган ўқувчиларимизни йўқлаб келганидан бошимиз осмонга етди. Ота –оналар, ўқувчилар, педагогик жамоамиз ҳам жуда хурсанд бўлдик, -деди мактаб директори Муҳайё Охунова. — «Меҳр» карвони нафақат болажонларимизга, балки уни атрофидаги барча инсонларга қадр туйғуларини ёдга солди. Биз бундан жуда бахтиёрмиз.

Бироз эътибор ва меҳр инсонларни қалбига улуғворликни тортиқ этади.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+