«Меҳр карвони»

31.05.2024 17:05:54

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабат билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Ўрта Чирчиқ туманидаги Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 124-сонли мактаб-интернатда тарбияланаётган болалар учун тадбир ташкил этилди.

Ушбу тадбир партиянинг инсонпарварлик ва ижтимоий адолат принципларига содиқлигини яна бир бор намоён этди.

Тадбир тантанали очилиш маросими билан бошланди. Унда мактаб-интернат раҳбарияти, ўқитувчи-тарбиячилар ва мактаб-интернат тарбияланувчилари ҳамда ҳомийлар иштирок этишди.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова болаларни байрам билан қутлади, уларга ёрқин келажак тилади. Сўнгра тадбирда иштирок этаётган ҳар бир болага бадиий китоблар ва ўқув қуролларидан иборат махсус совғаларни топширди.

Шу онда болаларнинг қувноқ кулгилари ва шодликлари бутун оламни тутгандек бўлди гўё. Уларнинг маънавий ва маърифий дунёсини бойитиш, келажакда комил инсон бўлиб етишишига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадлар кўзланган тадбирдан барча иштирокчилар олам-олам таассурот олдилар.

–Мен математика, адабиёт каби фанларни яхши кўраман, – дейди Аббос исмли бола. – Аъло баҳоларга ўқиб, келажакда устозим каби математикадан сабоқ берадиган ўқитувчи бўлмоқчиман.

Таъкидлаш зарурки, «Меҳр карвони» тадбири болаларга қувончли ва эсда қоларли онларни ҳадя қилди ҳамда уларнинг кундалик ҳаётини байрамона кайфият билан тўлдирди.

"Адолат" СДП 
Тошкент вилояти Кенгаши 
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+