Меҳрлилар тантанаси

01.06.2024 09:06:33

Хабарингиз бор, 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» номли донорлик акцияси меҳр-мурувватни улуғловчи хайрли мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бу йилги мавсумда ҳам вилоятимиздаги кўплаб ташкилот-муассасаларда фаолият юритиб келаётган юзлаб саховатпеша кишилар инсонийлик фазилатини яна бир бор намоён этишди. Уч кун вилоят қон қуйиш марказига болажонлар учун қон топширишни мақсад қилган 250 нафар беғараз фуқаро виждон амри билан ташриф буюрди. Акция иштирокчиларининг 122 нафаридан 62,586 литр қон йиғилди.

Бундан ташқари, «Меҳр карвони» шиори остида ўтказилган тадбирларда туманлардаги эҳтиёжманд оилалар ва боқувчисини йўқотган болаларга мурувват кўрсатилди. Шунингдек, уйда ва шифохоналарда ётган беморлар ҳолидан хабар олиниб, ўксик қалбларга қувонч улашилди.

Беғараз акцияда фаоллик кўрсатган турли соҳа вакиллари партиянинг вилоят кенгаши томонидан эътироф этилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Муҳиддин ОМАД,
«Адолат» СДП Наманган
вилоят кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+