“Мен ногиронман” деб ўтирганим йўқ...

25.03.2021 12:03:10

29 ёшли Бобур Хўжамуродов 2-гуруҳ ногирони. Туғилганидан бир қўлининг ривожланмай қолгани Бобурнинг жисмоний имкониятини чеклаб қўйди. Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани «Алишер Навоий» маҳалласида истиқомат қилувчи Бобур Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги халқ қабулхонасига ногиронлик нафақаси тайинланишини сўраб мурожаат қилган эди. Унинг ушбу мурожаатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят ва туман Кенгаши ҳамда халқ қабулхонаси вакиллари Танриқуловлар хонадонига ташриф буюришди.   Чунки Бобур Ҳўжамуродов турмуш ўртоғи Мафтуна билан қайнотаси Равшан Танриқуловнинг хонадонида истиқомат қилмоқда экан. Ишчи гуруҳининг саволларига батафсил жавоб берган Бобурнинг мурожаати асосан ногиронлик фактини белгилаш ва уй-жой билан таъминлаш масаласи эканлиги маълум бўлди.

- Ота-онамнинг уйи уч хонадан иборат бўлиб,  тўрт хўжалик истиқомат қилар эдик. Фарзандли бўлганимиздан кейин уй-жойга бўлган эҳтиёжимиз ортгани сабаб қайнотамнинг уйига кўчиб келишга мажбур бўлдик. Бир қўлим ҳаракатланмаслигига қарамай «мен ногиронман», деб ўтирганим йўқ. Имконим ва иложи борича томорқада ишлайман. Давлат ишида ишлаш ниятим бор эди лекин бир қанча ташкилотлар ишга олмади. Ногиронлик нафақаси тайинланишини сўраб халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим. Агар нафақа тайинланса унинг миқдори қанча бўлишини ҳам билмайман. Шу сабабли менга ўз ишимни бошлашим учун имтиёзли равишда ер майдони ёки кредит маблағи ажратилса, уй-жой масаласида ҳам ёш  ва имконияти чекланган оилалар учун амалий ёрдам берилса яхши бўларди - дея мурожаатларини очиқлади Бобур биз билан суҳбатда.    

Қайнотасининг томорқасида картошка экиб парвариш қилаётган Бобурнинг анна шундай режалари ва ўз ечимини кутаётган мурожаатлари бор. Шу ўринда айтиш жоизки қайнотаси Равшан Танриқулов ҳам биринчи гуруҳ ногирони бўлиб, айни вақтда тиббий соғломлаштириш муассасасида даволаниш учун ордерга муҳтож эканлиги кўриниб турибди. Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган махаллабай ўрганиш натижасида мазкур оиланинг бир эмас икки нафар аъзосининг мурожаати эшитилди. Жисмоний имконияти чекланган бу инсонлар учун кўрсатиладиган тиббий, маънавий ва моддий  ёрдам масаласи тегишлилиги бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ТМЭКка юборилди. Партия фаоллари ва халқ қабулхонасининг аралашуви билан Бобур Ҳўжамуродовга ногиронлик нафақасини тайинлаш бўйича махсус комиссия хулосаси тақдим этилди. Демак Бобурнинг бир масаласи хал бўлди.

 

Эндиликда «темир дафтар»да турган ва эҳтиёжманд оилалар учун уй-жой ажратилишини белгилайдиган комиссияга мурожаат қилиниб, мазкур оилага амалий ёрдам берилиши режа қилиб олинди. Фуқаро  Равшан Танриқуловга ҳам халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Фурқат Асланов ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан сиҳатгохга бориб даволаниши учун  йўлланма ажратиладиган бўлди. Демак, ҳамкорликда ишлашда самара бор экан. Ҳудудий халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда бошланган маҳаллабай ишлаш тизими натижасида эса Бобур каби имконияти чекланган ёшларга имконият бериладиган бўлди. Зеро адолат бор жойда ҳар қандай масаланинг ечими бор.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+