Менда таклиф бор: Депутатлик соатлари ташкил этилсин

18.10.2019 20:10:01

Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ривожи учун улкан имкониятлар яратилмоқда. Муҳим сиёсий жараёнлар кузатилмоқда. Айниқса, аҳолининг ҳар жабҳада бўлаётган янгиланишлардаги фаол иштироки барча соҳа вакилларининг вазифаларига нисбатан масъулиятини оширмоқда.

Албатта, Ўзбекистон “Адолат” СДП ходимлари томонидан ҳам аҳоли мурожаатларига аҳамият қаратилмоқда. Бугун жойларда партиянинг ишлаб чиқилган сайловолди дастур лойиҳаси муҳокамаси асосида таклифлар ўрганилмоқда.

Тўғри, дастурда барча соҳалар ривожига алоҳида эътибор берилган, аммо аҳолининг сиёсий қарашларини шакллантиришда яна нималарга аҳамият қаратиб бориш лозимлиги қайд этилмаган. Аҳоли олдидаги бу долзарб муаммони ечиш партиянинг асосий вазифаси бўлиши керак.

Бугун умумтаълим мактабларида депутатлик соатларини ташкил этиш вақти келди, деб ўйлайман. Чунки фуқаронинг сиёсий таълим-тарбияси айнан мактаб ёшидан бошлаб ривожланади. У мамлакатимизда рўй бераётган муҳим сиёсий жараёнлар билан яқиндан танишиб борса, йил ўтгани сайин кўникмаси шаклланади, республикамизда фаолият олиб бораётган партиялар ҳақидаги тушунчаларга, депутатнинг фаолияти тўғрисидаги билимга эга бўлади. Айнан депутат халқ олдига чиққан пайтида унга “Ўзи депутат ким, партия нима иш қилади?” дея бериладиган саволларга ҳожат қолмайди. Шунинг учун дастурда мактаб ёшидан бошлаб ўқувчининг сиёсий билимини ривожлантириш мақсадида “депутатлик соатлари” фанини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Меҳринисо Муҳаммадиева,

Вобкент туман 2-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси,

партия фаоли  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+