Миллатлараро тотувлик барқарор тараққиёт омили

23.07.2024 18:07:08

Навоий вилоят «Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи»да 30 июль — Халқаро дўстлик куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилоят ҳудудий бўлинмаси ва халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида «Миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик – ҳамкорлигимиз мезонидир!» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда вилоятдаги рус, корейс, қозоқ, татар, қорақалпоқ ва яҳудий миллий-маданий марказлари аъзолари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси 2011 йилда қабул қилган резолюцияда халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш мақсадида 30 июль — Халқаро дўстлик куни сифатида белгиланган.

Айни пайтда партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутат Инна Коржикова рус миллатига мансуб юртдошимиз эканлиги, қонун ижодкорлиги ва давлат бошқарув тизимида ҳам уларнинг ўрни нечоғли залворли эканлигининг далолати эканлиги таъкидланди. Анжуманда Бош қомусимиз ҳамда Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурларида миллатларо тотувлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги, вилоятда фаолият кўрсатаётган 10дан ортиқ миллий-маданий марказлар билан доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, мамлакатимиз тараққиёти йўлида ўзаро аҳилликда меҳнат қилаётганлиги эътироф этилди.

Тадбир давомида турли миллат вакиллари ўзларининг миллий куй қўшиқларини ижро этиб, йиғилганларни хушнуд этишди. Татар ҳамда бошқа миллий-маданий марказлар томонидан ташкиллаштирилган концерт дастури тадбирга ўзгача кайфият бахш этди.

Иштирокчилар Ўзбекистон «Адолат» СДП Навоий вилояти Кенгашининг қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Навоий 
вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+