Миллий қадриятларимиз акс этган Наврўз сайли энди Сурхондарёда ўтказилади

08.06.2021 18:06:53

Тамаддун бешиги бўлган қадим Сурхон элида дўмбира садосини эшитмай улғайган бирор ёш бўлмаса керак. Мен ҳам дўмбира садосини эшитиб вояга етганман. Терма тинглаб, дўмбиранинг нағмасидан қониб ўсган ҳар бир навқирон йигит эл-юртга садоқатли, ватанпарвар бўлиб ўсади. Халқимизда “Бахшиси бор эл- ботир эл” деб бежизга айтилмаган.

Жуда ёшлигимизда эл севган сурхондарёлик бахшилар Шоберди бахши Болтаев, Абдуназар бахши Поёновларнинг айтимлари юрагимизга куч-қувват, ботирлик ҳиссини олиб кирар эди. Айниқса, қадим достонлар “Алпомиш”, “Равшанхон”, “Малла савдогар” дан парчалар куйланганда юракни ўртовчи соз сеҳри дилларга ўзгача шукуҳ бағишлар эди. Айни пайтда бобомерос касбни давом эттиришда қатъий азму қарор қилган ёш бахшиларни тайёрлаш, элга танитиш мақсадида Термизда  “Бахшичилик мактаби” фаолият юритиб келмоқда. Мактабда ёш бахшилар Халқ бахшиларидан бахшичилик сир-асрорларини ўрганиб келишяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга қилган ташрифи давомида ёш бахшилар билан ҳам учрашиб, фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Юртбошимиз барча соҳаларга эътибор қаратиш асносида ёш бахшиларнинг дил сўзларига қулоқ тутиб, эзгу истакларини, уларнинг муаммоларини тинглади. Учрашув самимий ва ажойиб ўтди. Ёш бахшиларимиз ўзларининг таклифини, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Айнан Президентимиз ташаббуси ила бунёд этилган Бахшичилик мактабида семинарлар, кўрик-танлов ва тадбирларда қатнашиш истагида тез-тез борганим сабаб, у ердаги муҳит билан яқиндан танишман. Туманлардан қатнайдиган ёш бахшиларнинг турар жой масаласи муаммо бўлиб турганлиги киши эътиборини тортмай қолмайди. Узоқ тоғли ҳудудлардан, олис қишлоқлардан келган болалар ё яқинларининг уйида, ё ижарада яшашига тўғри келиши ижодга таъсир қилмай қолмайди. Шу сабабдан ҳам Президентимиз билан учрашувда Бахшичилик мактаби учун ётоқхона қуриш таклифи билдирилди. Юртбошимиз йил якунига қадар ётоқхона қуриб беришларини билдирганда барча қувониб кетди. Яна бир қувонарлиси, давлатимиз раҳбари келгуси йил бахшичилик, дўмбира, дўппи каби миллий қадриятларимиз бўйича Наврўз сайли Сурхондарё вилоятида бўлишини таъкидлади.

Бахши халқдан куч олади, илҳом олади. Бу сафар давлатимиз раҳбари ёш бахшиларнинг сўзларига қулоқ тутганида бугунги кундан миннатдорлик ҳиссини ошириб, Президентимиз томонидан яратилаётган имкон ва имтиёзлар биз ёшларни ўзгача илҳомлантирди. Бу эса ҳар бир сурхондарёлик ёшнинг қалбида шу юрт, шу Ватан фарзанди эканлигидан фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.

Сардор ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+