Миллий юксалиш шароитида сиёсий партияларнинг роли ва масъулиятини ошириш

10.03.2021 18:03:32

Ҳар қандай демократик давлатда фуқароларнинг эркин фикрлаш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, инсонга ўз фикр-мулоҳазаларини эркин равишда ифодалаш имкониятининг яратиб берилганлиги давлатда шахс ҳақиқий эркинлигининг ёрқин ифодасидир.Ўз навбатида эркин фикрлаш бор жойда фикрлар хилма-хил бўлади ва турли мафкуралар, сиёсий институтлар, ҳаракатлар пайдо бўлиши табиий ҳол.

Ўрни ва аҳамияти жиҳатидан сиёсий партиялар ва ҳаракатлар жамият ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Сиёсий партиялар жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий сиёсий кучлардан бири ҳисобланади. Тарихий тараққиётнинг маълум бир босқичида жамиятда ижтимоий-иқтисодий табақаланиш рўй берган ва бунинг оқибатида манфаатлари бир-бирига қарама-қарши бўлган ижтимоий гуруҳлар ва улар манфаатларини ифода қилувчи сиёсий партиялар шакллана бошлаган.

Сиёсий партиялар фаолиятини харакатга келтирувчи асосий куч – ресурсларни аҳоли билан олиб борадиган маънавий-маърифий фаолияти давомида тўплайди.

Сиёсий партиялар мамлакатни мафкуралар ва фикрларнинг
ҳилма-ҳиллиги асосида ривожлантириш ҳамда демократияни таъминлашда фавқулодда муҳим роль ўйнайдиган жамоат бирлашмасидир. Шу маънода, ҳар бир партия ўзига бўлган ишончни, куч-қувватни халқ ичидан олади. Шунинг учун ҳам ҳар қайси партия – халқнинг маълум қатлами манфаатларини ифодаловчи сиёсий куч, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Маълумки, сиёсий партиялар фаолият юритиши шакллари ва усулларининг мураккаблашиб бориши, жамият ҳаётида тутган ўрнининг ўсиб бориши, ўз навбатида уларни юридик институционаллаштиришга олиб келади. Сиёсий партияларнинг юридик институционаллашуви – бу сиёсий партиялар мақомининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилишидир. Одатда юридик институционаллашувда сиёсий партияларнинг қуйидаги элементлари ҳуқуқий тартибга солинади: сиёсий партия тушунчаси, унинг сиёсий тизимда ва давлат механизмида тутга ўрни; сиёсий партияларни тузиш ва тугатиш шартлари, сиёсий партиялар дастурлари ва ғояларига қўйиладиган талаблар; уларнинг молиявий-иқтисодий базаси; сиёсий партияларнинг оммавий ҳокимият органлари билан ўзаро муносабати шулар жумласидандир.

Айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари изчил ва босқичма-босқич тарзда шакллантирилиб ва такомиллаштирилиб келинмоқда.

Жумладан, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ҳамда унда жами 13 та (10, 12, 32, 34, 56, 57, 58, 60, 62, 106, 108, 112, 120) моддасида сиёсий партиялар билан боғлиқ қоидалар киритилганлиги, давлат ва жамият тизимида сиёсий партияларнинг ўрни конституциявий нормалар орқали аниқ белгилаб қўйилганлигини яққол кўрсатади.

Партиялар фуқароларнинг сиёсий ҳаётда, давлат бошқарувида иштирокини таъминлаш, демократик давлатда давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи бўлмиш – халқни сиёсий иродасини ифодалашнинг муҳим воситасидир.

Сиёсий партиялар кўп ҳолларда ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтаб, мазкур давлат ҳокимияти органларининг мамлакат ички ва ташқи сиёсати бўйича ҳаракатлар дастурини белгилаб олишда ҳам самарали таъсир кўрсатиши мумкин.

Ушбу муҳим институт фуқароларнинг уюшиш, фикрлаш, йиғилиш эркинликларига асосланади.

Сайловчиларга ижтимоий ривожланишнинг яхлит моделини таклиф қилиш ва ҳокимиятга келиб, ушбу таклифларни амалга ошириш имконияти сиёсий партияларни бошқа жамоат ташкилотларидан фарқловчи хусусиятлардан ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг сиёсий партияларга уюшиш ҳуқуқи мустаҳкамланди, сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалаши ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этиши эътироф этилди. Юртимизда сиёсий партияларнинг бевосита фаолиятига оид яхлит учта қонун қабул қилинган.

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунда давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлаши, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб бериши қайд этилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Айниқса, 2017 йил 12 июлда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси партиялар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилди. Президентимиз ушбу маърузада “бугун замоннинг ўзи барчамиздан, биринчи навбатда, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутат ва сенаторлардан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлишни, бошқаларга намуна кўрсатишни талаб этмоқда” – деб таъкидладилар.

Ушбу вазифалар ижроси ўлароқ ўтган давр мобайнида сиёсий партияларга давлат бошқарувида янада кенг иштирок этиш учун зарур ҳуқуқий асослар қабул қилинди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилиши ва маъқулланиши тартиби белгиланди, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этадиган бўлди. Қонунчилик палатасининг фракциялари Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқиши ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқиши мустаҳкамлаб қўйилди. Жойлардаги партия гуруҳлари туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Кейинги пайтларда кадрлар сиёсатида янги тажриба қўлланилиб, партия вакиллари давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимидаги турли юқори вазифаларга ўтказилмоқда. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси, депутатлик сўровлари миқдори сезиларли ортди. Шу билан биргаликда сиёсий партияларнинг ўз электорати билан самарали мулоқот ўрнатиши, жамиятимизнинг муҳим таркибий қисми бўлган ёшлар билан ишлаш кўникмаси уларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳаётида тутган мавқейини белгилаб беради. Бу борада Президентимизнинг 2020 йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиб, келажак эгалари билан очиқ мулоқот ўтказгани, уларни тинглагани ёшларга катта куч бағишлади. Ушбу Форумда давлат раҳбари томонидан ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини рўёбга чиқариш бундан кейин давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши таъкидланди. 

Сиёсий партиялар қонунчилкка асосан муайян ҳуқуқларга эга бўлиб, уларни ичида энг муҳимларидан бири бу – қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш ҳисобланади.

Сайлов сиёсий партиялар учун ҳокимиятга эга бўлиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда иштирок этиш, ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашиш, жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш, мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш ва ниҳоят уставда назарда тутилган фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш имкониятини беради.

Миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги барча иштироки эркин, мустақил, тенг ва адолатли шароитларда таъминланиши учун зарур қонуний кафолатлар белгиланган.

Сайлов кодексининг янгиликларидан бири бу – сиёсий майдон тўлиқ сиёсий партияларга берилиши, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, ҳалқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқининг чиқариб юборилганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бундай янгиликлар сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига имконият яратади.

Сайлов кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунингдек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.

Жорий йилнинг 2 февралида Президентимизнинг сиёсий партиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашуви мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ўзига хос ўринга эга бўлди. Очиқ мулоқот чоғида партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш масалалари, бугунги кунда улар олдида турган асосий вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилган.

“Давлат ва жамият ҳаётига доир кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда, халқимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партияларнинг ўрни катталиги таъкидланди. Учрашувда ижтимоий соҳалар, айниқса, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сиёсий партиялар ўз депутатлари орқали жойлардаги
ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, уларнинг ечими бўйича таклифлар бериши, айниқса, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориши муҳимлиги қайд этилди.

Партиялар ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва нуронийлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлашга кўмаклашиши зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Ҳар бир партия ўз дастурий мақсадларини парламентга фаол олиб чиқиши, ўз фракциялари орқали қонунчилик ташаббусларини илгари суриши ва қонунлар ижросини таъминлашни назоратига олиши зарурлиги ҳақида фикр алмашилди.

Мулоқот жараёнида сиёсий партиялар фаолияти бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ишини такомиллаштириш ва самарасини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар, амалий таклифлар билдирилди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, сиёсий партияларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш: биринчидан, ҳар бир давлатнинг демократик стандартларга қанчалик содиқлигини акс эттирувчи ҳамда жамият сиёсий тизимини мустаҳкамлаш ва яхшилаш механизми бўлиб хизмат қилувчи кўппартиявийлик тизимини изчил шакллантириб боришга хизмат қилади; иккинчидан, жамиятимиз ҳаётида ижтимоий-сиёсий фаоллик ҳамда жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади; учинчидан, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мақсадли вазифаларини бажаришда сиёсий партияларнинг ташаббускорлиги, роли, таъсири ҳамда масъулиятини кучайтиради; тўртинчидан,ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро этувчи органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлашга эришилади.

Бўлажак сайловларда фуқароларимизнинг сиёсий партияларга талаби юқори, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат ҳар қачонгидан кўра кескин шароитда ўтиши билан аввалги сайловлардан мутлақо фарқ қилади. Зеро бугунги сайловчи бундан беш йил аввалги сайловчидан ўзининг ижтимоий-сиёсий онгу, тафаккури билан фарқ қилади. Шунингдек мамлакатимизда демократик жараёнлар янги босқичга кўтарилган, оммавий ахборот воситаларининг янада эркинлашган, блогерлик фаолияти кенг ривожланаётган, ижтимоий тармоқлар таъсири кучайган, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада кенг уйғунлашаётган шароитда фақатгина кучли сиёсий партияларгина муносиб ўринни эгаллайдилар ҳамда Ҳукуматни шакллантиришда иштирок эта оладилар.

Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, сиёсий партиялар ўзларининг бош сиёсий мақсадларидан ҳамда электорати манфаатларидан келиб чиқиб турли хил ғояларни илгари суради. Бизнинг назаримизда ҳар қандай сиёсат замирида Ватан, Халқ, Миллат манфаатлари ётади. Партиялар ватан тақдири ва истиқболи, эркинлик, қонунийлик, ҳуррият ва миллий ғоя учун курашишни ўзининг асосий мақсади деб билади. Зеро, партиялар биринчи ўзак - бошланғич ташкилотлар орқали халқ ичига тез ва дадил кириб боради. Бу мамлакатимиз сиёсий партияларининг миллийлигини ҳам ифода этади.

        

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон  “Адолат” СДП

     Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+