Минтақалараро ҳамкорлик тараққиётнинг мустаҳкам устуни

22.07.2022 12:07:57

Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан, Марказий осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни ҳал қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу форматда йўлга қўйилган мунтазам мулоқот туфайли Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини таъкидлади.

Президентимиз ўз нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди, узоқ муддатли умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари хусусида ўз фикр мулоҳазаларини таъкидлаб ўтди. Савдо иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида минтақалараро тўғридан тўғри ҳамкорлик салоҳиятидан ҳам кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё минтақалари форумини бошлашни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хатарлар алоҳида эътиборни тақозо этаётганлиги айтиб ўтди. У шу йил май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали якунларига алоҳида тўхталиб ўтди. "Биз яна бир бор ёшларимизнинг фикр-мулоҳазалари ва интилишлари, кучли интеллектуал салоҳиятига эга эканига амин бўлдик. Биз уларнинг ташаббуслари, ижодий ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак", деди Президент ва навбатдаги саммитга ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари бўйича кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф қилди.

Шунингдек, Президентимиз минтақалараро хавфсизлик масалаларига ҳам эътибор қаратиб,   Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш  энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклиги таъкидлади.

Минтақа давлатлари ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшнилари сифатида ундаги барқарорликдан биринчи навбатда ўзлари манфаатдор бўлишлари лозим, деди Президентимиз.

Бундан ташқари, Мирзиёев Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, аҳолини кенг номенклатурадаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашнинг комплекс схемасини биргаликда ишлаб чиқиш таклифларини илгари сурди.

Мухтасар айтганда, мазкур маслаҳат учрашувидаги ўзаро келишувлар, Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинув учун шарт-шароитларнинг яратилиши хусусидаги фикр-мулоҳазалар  умуман олганда минтақалараро ўзаро дўстлик ва ҳамкорликнинг мустаҳакамланиши халқлар ўртасидаги жипслашув ва аҳилликка хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.

 

Абдурашид Артиков,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+